Исроил Эронга зарбалар берди

Исроил Эронга превентив зарбалар берганини маълум қилди. Нишонлар Эроннинг ядро объектлари, ракета қувватлари ва ҳарбий қўмондонлари экани айтилди. Нетаньяхунинг айтишича, операция «Эрон томонидан туғилаётган хавфни бартараф этиш учун қанча кун керак бўлса, шунча давом этади».
Эрон давлат оммавий ахборот воситалари ИИҚК қўмондони Ҳусайн Саламий, ҚК бош штаби бошлиғи Муҳаммад Багерий, ядрочи олимлар Ферейдун Аббосий ва Муҳаммад Меҳди Теҳрончининг ҳалок бўлгани ҳақида хабар бермоқда. Шунингдек, мамлакатнинг Натанздаги асосий уран бойитиш корхонасида ҳам портлашлар содир бўлгани маълум қилинмоқда.
АҚШ операцияда иштирок этмаганини билдирди. Шундай бўлса-да, Эрон қуролли кучлари вакили Исроил ва унинг асосий иттифоқчиси АҚШ ҳужум учун «юқори товон» тўлашини айтиб, Вашингтонни операцияни қўллаб-қувватлашда айблади.
Исроил эса Эроннинг жавоб зарбаларини кутмоқда, мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинди.
Вазият фонида Ўзбекистон ТИВ Эрон ва Исроилдаги Ўзбекистон фуқароларини хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилишга ва доимо ўзлари билан ҳужжатларини олиб юришга чақирди (элчихоналаримизнинг алоқа рақамлари: Эронда: 22299780, 22832025; Исроилда: 03-672-2466, 054 485 1397).