Қорақалпоғистон Марказий Осиёда ўсиш чемпиони бўлиши мумкин — BCG

367

Boston Consulting Group компаниясининг бошқарув директори Рза Нуриев Тошкент халқаро инвестиция форумида Қорақалпоғистонни 2035 йилгача ривожлантириш стратегиясини тақдим этди. «Қорақалпоғистон нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда ўсишда етакчига айланиш учун улкан салоҳиятга эга, деб ҳисоблайман», — деди Нуриев.

Ҳисоб-китобларга кўра, ҳудуднинг иқтисодий ўсиш суръатлари 2035 йилга бориб, йилига 6 фоизгача кўтарилиши мумкин. Бу ўсиш тўртта устунга асосланади: энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги ва туризм, деди Нуриев.

Унинг сўзларига кўра, энергия ишлаб чиқариш ҳажми етти баравар — 1,5 дан 11 ГВт га ошади. Минтақада 60 ГВт дан ортиқ шамол ишлаб чиқариш салоҳияти мавжуд. Деярли 10 ГВт «яшил» шамол энергияси бўйича лойиҳалар аллақачон режалаштирилган.

Маълум қилинишича, стратегияни амалга ошириш бўйича батафсил йўл харитаси ишлаб чиқилган ва президент маъмурияти қошида «аниқ бошқарув тизими ва зарур бюджетларга эга» лойиҳа идораси яратилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Қорақалпоғистон асосий миллий устувор йўналишлардан бири эканини таъкидлаб, ҳудудни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқилганини маълум қилганди.