Тошкентда яна бир илмий-амалий анжуман ўтказилади

200

Эртага пойтахтимиздаги Марказий Осиё халқаро институтида “Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий меросининг Марказий Осиё халқлари дўстлигини мустаҳкамлашдаги аҳамияти” мавзусида ўзбек ва тожик халқларининг ушбу икки улуғ шоири фаолиятининг минтақавий маданий мулоқотни ривожлантиришдаги ўрнига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтади.

Тадбирда мезбон муассаса вакилларидан ташқари Алишер Навоий номидаги Халқаро жамоат фонди, Ўзбекистон ва Тожикистон ёзувчилар уюшмалари, Марказий Осиё давлатлари етакчи университетлари ва илмий-тадқиқот марказлари, дипломатик миссиялар вакиллари, шунингдек Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистондан таниқли адабиётшунослар, маданият арбоблари, илмий ва таълим даргоҳлари ходимлари  иштирок этади.

Дастурга кўра, очилиш маросимидан сўнг турли мавзуларда сессиялар, ижодий дастур, ҳамкорлик меморандумлари имзолаш, адабий мероснинг минтақада гуманитар алоқалар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни ривожлантиришга таъсири бўйича илмий фикр алмашинуви назарда тутилган.

Мазкур анжуман Марказий Осиё буюк мутафаккирлари бой маънавий меросини кенг тарғиб қилиш орқали яқин қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим тадбирлар силсиласида муҳим воқеликка айланиши кутиляпти.

 Ғ.Хонназаров, ЎзА