Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида умумий қиймати 30,5 миллиард долларлик инвестиция ва савдо битимлари имзоланди

180

Бугун пойтахтимиздаги “САЕХ UZBEKISTAN” халқаро кўргазма марказида Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз ишини якунлади.

Шу муносабат билан мазкур марказда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов иштирокида брифинг ўтказилди.

Лазиз Қудратов ўз сўзи аввалида Марказий Осиёдаги энг йирик инвестиция платформаси – IV Халқаро инвестиция форуми муваффақиятли ўтганини мамнуният билан маълум қилди.

–Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев икки йирик тадбир – форумнинг очилишида иштирок этди ва Хорижий инвесторлар кенгашининг 3-сессиясига раислик қилди. Ушбу муҳим учрашувлар етакчи халқаро инвесторлар, давлат идоралари, молия институтлари ва бизнес вакилларини бирлаштирди.

Жорий йилда форумга 8 мингдан ортиқ делегат, жумладан, 97 мамлакатдан 3 мингга яқин хорижий меҳмон ташриф буюрди. Бундай кенг қамровли иштирок Ўзбекистонга бўлган ишонч ва қизиқишнинг ортиб бораётганидан далолат беради.

Шунингдек, форумда 150 нафардан ортиқ таниқли спикер иштирокида 36 та панел сессияси бўлиб ўтди. Тошкент инвестиция форумида илк бор саноат кўргазмаси ўтказилди. 12 минг квадрат метр майдонни эгаллаган кўргазмада электротехника, фармацевтика, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик, чармсаноат, қурилиш материаллари, машинасозлик, тоғ-кон саноати, металлургия, энергетика, автомобилсозлик, кимё, молиявий хизматлар, IT, туризм ва бошқа соҳаларда хорижий инвесторлар учун лойиҳа таклифларини тақдим этган 100 га яқин маҳаллий корхоналар намойиш этилди.

Ҳар куни кўргазмага 2000 дан ортиқ киши ташриф буюрди, 500 дан ортиқ B2B ва B2G учрашувлари ўтказилди.

Форум доирасида умумий қиймати 30,5 миллиард долларлик инвестиция ва савдо битимлари имзоланди.

Келгуси йилда сизни янги ғоялар, илғор ташаббуслар ва инновацион форматлар билан Тошкентда кутиб оламиз. Барчангизга улкан меҳнатингиз ва фидойилигингиз учун ташаккур айтаман, –деди брифинг якунида вазир.

Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА