Саида Мирзиёева IV Тошкент Халқаро инвестиция форуми доирасида Қорақалпоғистонни 2035-йилгача ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқилганини маълум қилди

217

Таъкидланишича, ўтган йил давомида мазкур минтақа учун бир қатор музокаралар олиб борилган, дастурлар ишга туширилган ва молиявий ресурслар йўналтирилган. Ушбу ташаббусларни “Boston Consulting Group” компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган стратегик режа тўлдиради.

— Мақсадимиз шунчаки инвестиция олиб келиш эмас, балки киритилган сармоя маҳаллий аҳолига ёрдам бериши, уларни қўллаб-қувватлаши ва ёшлар учун ёруғ келажак яратишига ишонч ҳосил қилишдир, — дея қайд этди Президент ёрдамчиси.

Янги стратегия Қорақалпоғистон Республикасининг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, инвестиция муҳитини яхшилаш, бандлик даражасини ошириш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, шунингдек, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида сифатли ўзгаришларни амалга оширишни ўз ичига олади.

Ушбу стратегия фақат иқтисодий кўрсаткичларга эмас, балки инсон капиталини ривожлантириш, ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш ва ижтимоий тенгликни таъминлашга ҳам қаратилган. Шу жиҳатдан қаралганда, Қорақалпоғистон учун бу ҳужжат нафақат ҳудудий ривожланиш режаси, балки кенг қамровли тараққиёт концепцияси ҳисобланади.