Барбара Новаская: Ўзбекистоннинг таълим соҳасидаги ислоҳотлари биз учун қизиқ

176

Мамлакатимиз мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова юртимизда ташриф билан бўлиб турган Польша Республикаси таълим вазири Барбара Новаская билан учрашди.

Музокара чоғида STEM (фан, технология, муҳандислик, математика) йўналиши, таълимда рақамлаштириш ва ахборот технологиялари, қўшма таълим лойиҳалари, ўқувчиларни касбга ўргатиш, педагогика олий таълим муассасалари ҳамкорлиги каби масалалар муҳокама қилинди.

Учрашувда “Perspektywy Women in Tech” таълим жамғармаси раҳбари Бианка Сивинска фахрий меҳмон сифатида иштирок этди.

Мулоқот давомида гендер тенгликни мустаҳкамлаш, соҳада аёллар етакчилиги салоҳиятини оширишга қаратилган халқаро ташаббуслар, хусусан глобал “TechWomen” тармоғи имкониятидан биргаликда фойдаланишга келишиб олинди.

– Ўзбекистон минтақадаги асосий ҳамкоримиз, – деди Барбара Новаская. – Таълим ҳам иқтисодиётнинг бир қисми ҳисобланади. Республика олий таълим муассасаларида педагогика йўналиши бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар биз учун жуда қизиқ.

Таъкидлаш жоиз, Польша билан мактабгача ва мактаб таълими соҳасидаги шериклик илк бор йўлга қўйилди.

М.Пирматова, ЎзА