Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш такомиллаштирилмоқда

197

Давлатимиз раҳбарининг соғлиқни сақлаш тизимига оид фармон ва қарорларида белгилаб берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида, Чимбой туманида олиб борилаётган ишлар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрмановнинг туманда соҳа вакиллари ҳамда тегишли ташкилот ва муассаса раҳбарлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2025 йил 7 май куни ўтказилган йиғилишда белгиланган топшириқлар ҳамда «Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида тажриба-синов лойиҳаси доирасида туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари негизида янги туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари ташкил этилади.  Албатта, янги ташкил этилаётган ушбу тузилмалар ҳудудларда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, тизимли бошқарувни йўлга қўйиш ва аҳоли талабига мувофиқ хизмат кўрсатиш имконини яратади. Қорақалпоғистон Республикасида тажриба-синов лойиҳаси доирасида Чимбой туман тиббиёт бирлашмаси белгиланган.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 майдаги «Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-88-сонли фармони ва «Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни амалга оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-185-сонли қарори қабул қилиниб, ижроси бўйича ишлар бошлаб юборилди.




Жумладан, жорий йилда тиббиёт соҳасини ривожлантириш борасидаги устувор вазифалар доирасида алоҳида «Йўл харитаси» тасдиқланиб, ижроси назоратга олинди. Бунинг учун, алоҳида махсус штаб ташкил этилиб, Чимбой туманидаги ҳар бир оилавий поликлиникадаги шифокорлар фаолиятини тўғри йўлга қўйиш ва аҳолига бирламчи тиббий хизматлар сифатли олиб борилишини ташкил этиш борасида ишлар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, ҳурматли Президентимизнинг қарорлари асосида тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш, унинг ижроси устидан доимий мониторинг ва таҳлил ўтказиб бориш, шунингдек, тажриба-синов лойиҳасини республиканинг барча ҳудудларига кенг жорий этиш мақсадида Чимбой туман тиббиёт бирлашмаси негизида мустақил юридик шахс мақомига эга бўлган туман соғлиқни сақлаш бўлими ташкил этилди.

Шу билан бир қаторда, учрашувда, мутасаддилар томонидан Президентимизнинг ушбу фармон ва қарорларининг ижроси ва амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумотлар бериб ўтилди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси