Лизингга асбоб-ускуна ва бинолар олиш тартиби тушунтирилди

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида «Uzbek Leasing International» компанияси томонидан тадбиркорлар ва соҳа вакиллари учун амалий семинар ташкил этилди.
Семинарда қишлоқ хўжалиги техникалари ва ускуналарини лизинг орқали харид қилишнинг ҳуқуқий ва амалий жиҳатлари, «Uzbek Leasing International» компанияси томонидан тақдим этилаётган молиялаштириш имкониятлари ва имтиёзли шартлари, лизинг шартномалари, талаб этиладиган ҳужжатлар, муддат ва тўлов тартиби, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун яратилаётган қулайликлар ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари бўйича батафсил маълумотлар берилди.

Хусусан, «Uzbek Leasing International» компанияси вакиллари билан бошқарма томонидан семинардан сўнг ўтказилган музокараларда Қорақалпоғистонлик тадбиркорлар учун лизинг шартларини енгиллаштириш бўйича келишувга эришилди. Масалан, бошқарма томонидан тақдим этиладиган асбоб-ускуналар, бино-иншоотлар тадбиркорларга 18 фоиздан эмас, 17 фоиздан берилиши, бундан ташқари, лизингнинг бошқа шартларида ҳам имтиёз ва енгилликлар берилишига келишиб олинди.
Бу бўйича қўшимча саволлар ёки ёрдам керак бўлса бошқарманинг мутахассисига +998 90 701 05 06 телефон рақами орқали мурожаат қилиниши таъкидланди.
Иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги