Қорақалпоғистонни 2035 йилгача ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқилди

Муносабат
Тошкент халқаро инвестиция форуми жорий йилнинг энг муҳим иқтисодий тадбирларидан бири сифатида юксак аҳамиятга эга бўлди. Унда нафақат Ўзбекистон, балки халқаро ҳамжамият учун ҳам долзарб бўлган масалалар муҳокама қилинди. Форумнинг асосий мақсади — Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни кучайтириш ва стратегик ислоҳотларни халқаро майдонда танитишдан иборат бўлди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқи Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсатига, инновациялар ва халқаро ҳамкорликка содиқлигини яққол намоён этди. Унда дунё миқёсидаги сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар фонида Ўзбекистоннинг стратегик ёндашувлари, хусусан, рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва IТ экспорти каби соҳалардаги ютуқ ва мақсадлари ҳақида кенг маълумотлар берилди. Энг аввало, форумга 100 га яқин давлатдан 3 мингга яқин хорижий меҳмонларнинг иштироки Ўзбекистоннинг глобал майдондаги нуфузи ошиб бораётганидан дарак беради. Мамлакатимизга бўлган ишончнинг кучайгани – иқтисодий ислоҳотлар самараси ва барқарор сиёсий муҳитнинг натижасидир.
Президентимиз томонидан келтирилган рақамлар – IТ экспортининг 1 миллиард долларга етиши, 2030-йилга келиб, бу кўрсаткични беш баробарга ошириш режаси, 500 мегаваттли 20 та “дата марказ” қурилиши – бу мамлакатнинг рақамли трансформация йўлида жиддий ҳаракат қилаётганини кўрсатади. Айниқса, “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси ёш авлодни янги технологиялар асосида тайёрлашга қаратилган узоқ муддатли стратегик ёндашувдир. Форум доирасидаги сессияда Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳам “Boston Consulting Group” компанияси билан биргаликда Қорақалпоғистонни 2035 йилгача ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқилганлигини маълум қилди.
Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ўз сўзида Қорақалпоғистоннинг келажаги миллий устувор вазифалардан бири эканлигини таъкидлади ва бу шунчаки режалар тузиш эмас, балки аниқ сай ҳаракатларни амалга ошириш юзасидан иш юритилаётганлигига эътиборни қаратди. Шунингдек Қорақалпоғистонда кўплаб муаммолар мавжудлиги, айниқса соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофоза қилиш ва таълим соҳасида ўз ечимини кутаётган масалалар борлигини ва шу билан бирга жуда катта имкониятлар ҳам мавжудлигини таъкидлади.
Иқлим шароити оғир бўлишига қарамай ўзида бетакрор табийий гўзаллик ва туризм учун ҳақиқий имкониятлари мужассам эканлигини, минтақада мавжуд имкониятлар кўламини терангроқ англаш учун инвесторлар келиб ўзлари Қорақалпоғистоннинг катта потенциалини ўз кўзлари билан кўришга ва бў имкониятларнинг шохиди бўлишларига ҳамда ушбу имкониятлар кўламини баҳолашга таклиф қилишини айтиб ўтди.
Мақсадимиз шунчаки инвестиция олиб келиш эмас, балки киритилган сармоя маҳаллий аҳолига ёрдам бериши тадбиркорларни қўллаб- қувватлаши ва ёшлар учун ёрқин келажак яратишга ишонч хосил қилишидир деди – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева. Маълумот учун, Тошкент халқаро инвестиция форуми тўртинчи бор ўтказилмоқда. Форум биринчи марта 2022 йил 24-26 март кунлари, иккинчи марта 2023 йил 27-28 апрель кунлари ва учинчи марта 2024 йил 2-3 май бўлиб ўтган. Мазкур форум Ўзбекистоннинг янги иқтисодий юзини намоён этувчи муҳим платформа сифатида тарихда қолди. Унинг самараси фақат имзоланган шартномаларда эмас, балки уларнинг амалий ижроси ва мамлакатнинг инвестиция муҳитини тубдан яхшилашда намоён бўлади. Форум — фақат тадбир эмас, балки янги босқичга ўтиш рамзидир.
Бу галги форум бизнес муҳит жаҳон стандартларига мослашаётганини кўрсатади — ва инвесторларга ишонч меҳрини оширади. Жорий йилги форумда иқтисодий ривожланиш, инвестициялар, яшил энергия, рақамли технологиялар ёки хавфсизлик каби долзарб мавзулар муҳокама қилинди. Бу мавзулар глобал ҳамжамият учун муҳим, шу билан бирга Ўзбекистон учун ҳам стратегик аҳамиятга эга. Форумда турли мамлакатлардан келган делегациялар иштирок этди, янги шартномалар, меморандумлар имзоланди.
Бу Ўзбекистон иқтисодиёти учун янги имкониятлар эшигини очади.
Форум Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорликка тайёр эканини, инвестициялар учун очиқлигини ва ислоҳотларни чуқурлаштиришдаги қатъиятини кўрсатди. Мухтасар қилиб айтганда, Давлатимиз раҳбарининг ушбу нутқи Ўзбекистоннинг глобал инвестицион муҳитдаги ўрни, инновацияларни илгари суришдаги қатъияти ва халқаро ҳамкорликдаги очиқлигини кўрсатди. Бу нафақат инвесторларга, балки мамлакатимиз ичкарисидаги ислоҳотлар натижадорлигига ҳам янги туртки беради десак, муболаға бўлмайди.
Гулжан Халмуратова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
O’zLiDeP фракцияси аъзоси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги