Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети академик лицейида 2024/2025 ўқув йили битирувчилари учун тантанали диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда университет раҳбарияти, лицейнинг педагогик жамоаси, битирувчи ўқувчиларнинг ота-оналари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тантанали маросимда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори, академик А.Реймов барча битирувчиларни, уларнинг ота-оналари ва устозларини лицейни муваффақиятли тамомлаганлиги билан табриклади. У ўз нутқида Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда ёшларга алоҳида эътибор қаратилаётгани, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши учун барча шароитлар яратилаётганини таъкидлаб, ёшларни келажакда Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган етук мутахассислар бўлиб етишишига ишонч билдириб, келгуси ишларида муваффақиятлар тилади.
Шундан сўнг битирувчи ўқувчиларга тантанали равишда дипломлар топширилди.
– Жорий йилда лицейимизни аниқ, табиий, хорижий тиллар ва ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишлари бўйича 248 нафар, жумладан Шулардан 2 ўқувчимиз олтин, 7 ўқувчимиз кумуш медаллар билан тамомлаган бўлса, 48 ўқувчи «Қизил диплом» билан тамомламоқда, – дейди мазкур лицей директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Руслан Нажимов. Албатта, битирувчиларимизнинг бу ютуқлари нафақат ўқувчилар учун, балки уларнинг ота-оналари ва устозлари учун ҳам катта фахрдир. Ўйлайманки, келгусида ушбу битирувчиларимизнинг барчаси ўзлари истаган ўқув юртларига кириб кетиб, юртимиз учун керакли мутахассислар бўлиб етишади.
Тадбир давомида битирувчи ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ҳам сўзга чиқиб, ўзларига кўрсатилаётган юксак ҳурмат, билдирилган эзгу тилак ва ишонч учун таълим берган устозларга миннатдорлик билдирди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси