Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 11 июнь куни Хорижий инвесторлар кенгашининг учинчи мажлиси доирасида бир қатор нуфузли ташкилотлар раҳбарлари бошчилигидаги делегация вакилларини қабул қилди.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо бошчилигидаги делегация билан учрашувда Ўзбекистон ушбу нуфузли халқаро молиявий институт ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Қўшма лойиҳалар портфели кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди: ЕТТБнинг Ўзбекистонга инвестициялари 5,5 миллиард евродан ошди. Жорий йилда яна 1,1 миллиард евро жалб қилиш режалаштирилган бўлиб, унинг катта қисми хусусий секторни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Шериклик стратегияси самарали амалга оширилмоқда. ЕТТБнинг фаол кўмаги билан банк соҳаси трансформация қилинмоқда.
Давлатимиз раҳбари ҳамкорлик натижадорлигини ошириш муҳимлигини таъкидлаб, унинг асосий устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди.
Сув таъминоти тизимини технологик жиҳатдан модернизация қилиш, энергия самарадорлигини ошириш дастурини илгари суриш, ипотека бозорини, эркин иқтисодий зоналар инфратузилмасини ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнес имкониятларини кенгайтириш, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш каби йўналишлар шулар жумласидан.
Таълим ва тиббиёт соҳаларида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини илгари суриш, сунъий интеллектни жорий қилиш ва рақамли трансформацияга қаратилган стартапларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Ломбардия Италиянинг аҳолиси энг кўп ва йирик ҳудудларидан бири бўлиб, Европанинг иқтисодий жиҳатдан ривожланган вилоятлари қаторига киради.
Ломбардия вилояти губернатори Аттилио Фонтана бошчилигидаги делегация билан учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Яқинда Самарқанд шаҳрида Бош вазир Жоржа Мелони билан ўтган музокараларнинг натижалари, улар давомида ҳудудлараро алоқаларни қўллаб-қувватлашга келишиб олингани катта мамнуният билан қайд этилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда Ломбардия компаниялари билан ҳамкорликда помидор, заъфарон етиштириш, нотўқима мато ва трикотаж, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Тайёр текстиль, автоэлектроника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, сут ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, жамоат транспортини ривожлантириш ва бошқа лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.
Қўшма лойиҳалар портфелини кенгайтириш, Италиянинг илғор технологиялари ва инвестицияларини Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларига янада кенг жалб қилиш муҳимлиги қайд этилди.
Милан шаҳрида Ўзбекистоннинг саноат ва экспорт салоҳияти кўргазмасини ўтказиш, савдо уйи очиш ва «Uzbek Organic» бренди остида экспорт линиясини ишга туширишга келишиб олинди.
Маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш мақсадида 2026 йилда Миланда Ўзбекистон музейларининг кўргазмасини ташкил этиш масаласи ўрганилмоқда.
Губернатор, ўз навбатида, Ломбардия ишбилармон доираларининг лойиҳа ва ташаббуслари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани учун Президентимизга самимий миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон ҳудудлари билан кенг кўламли шерикликни йўлга қўйишга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини тасдиқлади.
Учрашув якунида давлатимиз раҳбари Аттилио Фонтанага 2026 йилда Милан шаҳрида бўлиб ўтадиган қишки Олимпиадага тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда муваффақиятлар тилади.
Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий бошчилигидаги делегация билан учрашувда “Amea Power”, “Etihad Water & Electricity”, “TAQA Water Solutions”, “AD Ports” ва “Masdar” компаниялари раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Учрашув аввалида вазир давлатимиз раҳбарига БАА Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, Бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад Ол Мактум, Вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён ва Абу-Даби Амирлиги валиаҳди Шайх Ҳолид Ол Наҳаённинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон Президентининг жорий йил январь ойидаги БААга ташрифи якунида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон – БАА стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми, қўшма корхоналар ва тўғридан-тўғри авиақатновлар сони ошмоқда.
Амирликларнинг етакчи компаниялари иштирокидаги лойиҳалар портфели 20 миллиард доллардан ортди. Тўртинчи Тошкент инвестиция форуми доирасида БАА компаниялари билан қатор янги келишувлар имзоланди.
Энергетика, транспорт, логистика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим, шаҳарсозлик, сув таъминоти ва бошқа йўналишлардаги йирик лойиҳаларни жадаллаштиришга келишиб олинди.
Ўзбекистон – Саудия Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян бошчилигидаги йирик компаниялар делегацияси билан учрашувда «Vision Invest» ва «Riyadh Cables» компаниялари раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Ушбу мамлакат ишбилармонлари билан амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва юртимиздаги устувор лойиҳаларни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Саудиянинг «ACWA Power» ва бошқа компаниялари билан сермаҳсул шериклик йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди.
Бугунги кунда қўшма лойиҳалар портфели 24 миллиард долларга етган. «Яшил» энергетика соҳасидаги лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Тошкент вилоятида “яшил” водород ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Электр тармоқларини модернизация қилиш, электротехника саноатини ривожлантириш, ахборот технологиялари, транспорт, коммунал хўжалиги ва бошқа йўналишлардаги лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари Хитойнинг “China State Construction”, “China General Nuclear Power”, “CAMCE”, “Goldwind” ва “ZTO Express” компаниялари раҳбарлари билан учрашувда Хитой бизнесининг Ўзбекистонга қизиқиши ҳар доимгидек юқори эканини мамнуният билан қайд этди. Ўтган йилнинг ўзида ушбу мамлакатдан жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10 миллиард доллардан ошди.
«China State Construction» компанияси директорлар кенгаши раиси Чжен Сюэсюан билан суҳбатда Тошкент шаҳрида йўл инфратузилмасини модернизация қилиш борасидаги ҳамкорлик натижалари юксак баҳоланди. Тошкент шаҳрида маданият объектларини ташкил этиш бўйича истиқболли режалар муҳокама қилинди.
Тошкент вилоятида саноат зонасини барпо этиш лойиҳасини бошлаш ҳамда компания автомобиль йўллари қурилишида иштирок этиши тўғрисида келишиб олинди.
«China General Nuclear Power» корпорацияси раиси Ян Чанли билан музокараларда тоғ-кон саноатида шерикликни мустаҳкамлаш масалалари диққат марказида бўлди. Геология-қидирув ишларини жадаллаштириш ва янги конларни ўзлаштиришга қизиқиш билдирилди. Компаниянинг гибрид қуёш электр станциясини қуриш ва божхона юкларини сканерлаш технологияларини жорий қилиш режалари қўллаб-қувватланди.
«CAMCE» корпорацияси раиси Ван Бо билан пойтахтимизда Олимпия шаҳарчасини барпо этиш бўйича биргаликда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Компания бошқарувида Тошкент шаҳридаги «Янги авлод» индустриал технопарки жадал ривожланаётгани қайд этилди.
Қўшма ташаббуслар портфелини кенгайтириш, хусусан, электр энергетикаси ва Янги Тошкент шаҳрини инфратузилмавий ривожлантириш лойиҳаларини жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
«Goldwind» компанияси раиси Ву Ганг билан компаниянинг «яшил» энергетикани ривожлантиришдаги иштироки юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистонда компания билан биргаликда шамол электр станциялари учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Шамол генераторлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва жорий лойиҳаларни фаоллаштиришга келишиб олинди.
«ZTO Express» компанияси раҳбари Ху Сянлян давлатимиз раҳбарига Ўзбекистонда товарларни божхона расмийлаштирувидан ўтказишга кўмаклашиш бўйича онлайн платформани ишга тушириш ва «ақлли» логистика омборларини ташкил этиш нияти ҳақида маълумот берди.
Ўмон Султонлиги савдо, саноат ва инвестицияларга кўмаклашиш вазири Қайс бин Муҳаммад ал-Юсуф билан учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саиднинг самимий саломини етказди.
Амалий ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларида кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Турли даражалардаги фаол мулоқотлар мамнуният билан қайд этилди. Форум доирасида Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва ишбилармон доираларнинг учрашувлари бўлиб ўтади.
Энергетика, геология, озиқ-овқат, тўқимачилик, кимё саноати, транспорт ва логистика, туризм, молия соҳаларида қўшма лойиҳаларни, шу жумладан, Ўзбекистон – Ўмон инвестиция компаниясининг фаол кўмагида илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Финляндия ташқи ишлар вазири Элина Валтонен билан суҳбат аввалида олий мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Финляндия Президенти Александр Стуббнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон билан EХҲТ ўртасида амалий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон – Финляндия ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Миллий сайлов тизимини модернизация қилиш, оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлаш, гендер ва ёшлар масалалари, «яшил» кун тартиби бўйича ташкилот билан конструктив ҳамкорлик ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Иқлим хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш масалаларига эътиборни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон – Финляндия муносабатларининг, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги кун тартиби батафсил кўриб чиқилди.
Минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди, бўлажак тадбирлар режаси кўриб чиқилди.
Афғонистон саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизий билан суҳбат аввалида юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон етакчисига Афғонистон раҳбариятининг самимий саломини етказди.
Савдо-иқтисодиёт, транспорт-логистика, энергетика ва аграр соҳаларда, шунингдек, геология-қидирув ва фойдали қазилмалар борасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ишбилармонлик алоқалари фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми, қўшма корхоналар сони ортмоқда, икки мамлакат компаниялари иштирокида бизнес ташрифлари ва кўргазмалар мунтазам ўтказилмоқда. Термиз шаҳрида Халқаро савдо маркази муваффақиятли фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг май ойида Кобул ва Мозори Шариф шаҳарларида савдо уйлари очилди.
Ўзбекистон раҳбари иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, «Ҳайратон» саноат марказини тез фурсатда барпо этиш, у ерда фармацевтика, мебелсозлик, тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш қувватларини жойлаштириш зарурлиги таъкидланди.
Трансафғон темир йўли ва «Сурхон – Пули-Хумри» электр узатиш линиясини қуриш каби йирик минтақавий инфратузилма лойиҳалари қўллаб-қувватланди.
Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) бошқарувчиси Нобумицу Хаяси бошчилигидаги делегация билан учрашувда Япониянинг ушбу етакчи молиявий институти иштирокидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалалари кўриб чиқилди.
JBIC мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим тармоқларини ривожлантириш ва модернизация қилишга ҳисса қўшаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Бугунги кунда қўшма лойиҳалар портфели, шу жумладан, нефть-кимё, тўқимачилик саноати, энергетика, ахборот технологиялари, инфратузилма ва бошқа йўналишларда қарийб 4 миллиард долларга етди.
Янги уч йиллик ҳамкорлик дастури доирасида Япония компаниялари иштирокида «яшил» энергетика, IT, транспорт ва соғлиқни сақлаш соҳаларида кооперация лойиҳаларини тез фурсатда тайёрлаш ва илгари суриш муҳим экани таъкидланди.
Ўзбекистонда Япония халқаро университетини очиш бўйича амалий чоралар кўриш муҳимлиги қайд этилди.
Музокаралар якунида комплекс «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Standard Chartered», «International Hospitals Group», «LVMH», «Airbus» каби Европанинг қатор етакчи компаниялари раҳбарларини ҳам қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари форумда Европа давлатларидан иштирокчилар сонининг кўпайгани томонлар иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканидан далолатлигини таъкидлади.
Европа мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми, қўшма корхоналар сони ва инвестициялар портфели кўпайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Фаол маданий-гуманитар, таълим ва туризм алмашинувлари йўлга қўйилган.
«Standard Chartered» компанияси раҳбари Саиф Малик билан кичик бизнес ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш, шунингдек, Ўзбекистон банклари томонидан янги кредит линияларини ўзлаштириш бўйича шерикликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
“International Hospitals Group” бошқаруви раиси Честер Кинг билан клиника қуриш режалари, шунингдек, Ўзбекистондаги кўп тармоқли тиббиёт марказларини давлат-хусусий шериклик асосида бошқариш масалалари муҳокама қилинди.
Тошкент-ситида “LVMH” флагман дўконини очишни тезлаштириш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, Ўзбекистондаги ипак ва табиий хомашё ишлаб чиқарувчиларни компаниянинг таъминот занжирига киритиш имкониятлари кўриб чиқилди.
“Airbus” компаниясининг Европадаги президенти Йохан Пелисье билан суҳбатда авиация соҳасидаги шерикликни кенгайтириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Узоқ муддатли Ҳамкорлик дастурини қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Европа компаниялари раҳбарлари Ўзбекистон Президентига самимий қабул ва мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар учун миннатдорлик билдирди. Иқтисодиётнинг устувор тармоқларида муҳим лойиҳа ва дастурларни амалга оширишда бундан буён ҳам иштирок этишга тайёрлигини маълум қилди.
«Euronews» медиа холдинги директорлар кенгаши раиси Педро Варгас билан учрашувда ушбу етакчи компания билан ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, «Euronews»нинг кенг аудиториясини Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий мероси, мамлакатда рўй бераётган муҳим сиёсий-иқтисодий жараёнлар, шунингдек, унинг инвестицион ва туризм салоҳияти тўғрисида хабардор қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари қўшма ахборот лойиҳаларини амалга ошириш ва профессионал кадрлар тайёрлаш борасидаги фаол саъй-ҳаракатларни, шунингдек, «Euronews» Тошкент шаҳрида ўз офисини очишни режалаштираётганини олқишлади.
«Euronews Academy» дастури доирасида ўзбекистонлик журналистларни илғор профессионал стандартлар асосида ўқитиш режалари қўллаб-қувватланди.
Барча истиқболли йўналишлар бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида қўшма «йўл харитаси»ни тайёрлашга келишиб олинди.
ЎзА