Ёш фермерлар учун семинар

Шу кунларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳудудларда ёшлар учун ер майдонлари ажратилиб, уларнинг даромад топишига кенг имкон берилиб, бандлиги таъминланмоқда.
Хусусан, Ёшлар ишлари агентлиги ва қатор масъул ташкилотлар ҳамкорлигида Президентимизнинг 2024 йил 5 апрелдаги “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида барча вилоятларда ёшлар учун махсус ўқув-семинарлар ташкил этилди.

Ўқув-семинарда ҳудудлардан келган ёшлар етакчиларига қишлоқ хўжалиги билимларини оширишга, фермерлик маҳоратини ривожлантиришга ва замонавий усулларни ўрганишга ёрдам берувчи янги “Ёш фермер” платформаси билан ишлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Мазкур платформа орқали улар йўриқномалар ва ўқув видеолари орқали босқичма-босқич қишлоқ хўжалигининг назарий билимларини ўрганиши, соҳадаги энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиши, экин етиштириш ва чорвачилик бўйича фойдали тавсияларни олиши мумкин бўлади.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА мухбири