Тошкент “World Challenge Cup” мусобақасига мезбонлик қилади
Ўзбекистон спорт тарихида илк бор Тошкентда спорт гимнастикаси бўйича “World Challenge Cup” халқаро мусобақаси ўтказилади.
Халқаро гимнастика федерацияси тақвимидан жой олган мазкур нуфузли мусобақа жорий йилнинг 18-21 июнь кунлари пойтахтимиздаги Гимнастика марказида бўлиб ўтади.

Унда Арманистон, Болгария, Хорватия, Германия, Ҳонг Конг, Исландия, Исроил, Қозоғистон, Литва, Жанубий Африка Республикаси, Хитой Тайпейи, Туркия, Украина каби мамлакатларнинг 65 нафар етакчи гимнастикачилари, хусусан, жаҳон ва қитъа чемпионлари, Олимпия ўйинларининг ғолиблари совринли ўринлар учун кураш олиб бориши кутилмоқда.
Жаҳон кубоги босқичи бўлган баҳсларда ватанимиз шарафини гимнастикачи қизларимиздан Оксана Чусовитина, Дилдора Орипова, Шахинабону Юсупова, Одинахон Робижонова, йигитлардан Ҳумоюн Исломов, Алишер Бойсаров, Равшан Комилжонов, Озотилла Абдурасулов, Аҳрорхон Темирхонов, Абдулазиз Мирвалиев ҳимоя қилиши тасдиқланди.
Айни кунларда «Лос-Анжелес-2028» Олимпиадаси йўлидаги “World Challenge Cup” мусобақасини юқори савияда ташкил этиш, юртимизга келадиган хорижий давлат делегацияларини кутиб олиш, зарур шарт-шароитлар яратиш каби масалалар борасида Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Гимнастика федерацияси ва дахлдор ташкилотлар томонидан белгиланган ишлар амалга оширилмоқда.
Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА мухбири