Экинбоп ерлардан самарали фойдаланишимиз керак
Жойларда режа-график асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 декабрдаги ПҚ-465-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида дала четлари, каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларда, аҳоли томорқа ерлари, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олди ҳамда маҳалланинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни ташкил этиш масалаларига бағишланган семинарлар ўтказилмоқда.
Қонликўл туманида шу масалаларга бағишланган семинар ўтказилди.
Унда Қонликўл, Шуманай, Қўнғирот ва Мўйноқ туманларидан Карантин агентлиги, Фермерлар кенгаши ва бошқа қатор қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари, деҳқон-фермерлар ва томорқа ер эгалари иштирок этди.
Тадбирда қарорнинг мазмун-моҳияти, белгиланган имтиёзлар тушунтирилиб, дала четидан ва коллектор-дренаж атрофларидан самарали фойдаланиш, экилган мева кўчатлари ва полиз экинларини парваришлаш бўйича маълумотлар берилди.



Семинарда қишлоқ хўжалиги кооперацияларини ташкил этиш ва юритиш, edu.karantin.uz платформасида ўқитиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари ҳақида ҳам сўз юритилди. Таъкидланганидек, ҳар бир экинбоп ерлардан самарали фойдаланишимиз керак.
Маълумот учун, 2025 йилда Қонликўл туманида дала четларидаги 49 гектар майдонга ҳамда суғориш ва коллектор-дренаж атрофидаги 5 гектар майдонга мева кўчатлари, полиз экинлари, сабзавотлар ва дуккакли экинлар экилган. Ушбу экилган кўчатлар ҳудудларга бириктирилган фитосанитар назорат давлат инспекторлари томонидан мониторинг қилиниб, унинг натижалари бўйича маълумотлар «E-fito» дастуридаги «Дала назорати» платформасига тўлиқ киритилиб, рўйхатга олинган.
Тадбирда иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги