Қозоғистон саноатидаги рақамли трансформация тажрибаси ўзбек мутахассислари диққат-марказида

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ахборот-коммуникация технологиялари департаменти бошлиғи Инъомжон Норқуловнинг маълум қилишича, яқинда компания делегацияси хизмат сафари билан Қозоғистоннинг Остона ва Атирау шаҳарларида бўлди.
Ташриф Боку энергетика ҳафталигида “Ўзбекнефтгаз”, Озарбайжоннинг “SOCAR”, Қозоғистоннинг “ҚазМунайГаз” ва Россиянинг “Татнефть” компаниялари ўртасида имзоланган тўрт томонлама меморандум ижроси доирасида амалга оширилди.
– Сафарнинг асосий мақсади нефть-газ соҳасидаги илғор рақамли ечимлар ва инновацион тажрибалар билан танишиш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда миллий компаниялар ўртасидаги стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ, – деди И.Норқулов. – Биз Остона шаҳридаги учрашувлар чоғида “ҚазМунайГаз” миллий компаниясида корпоратив ахборот тизими, яъни SAP ERP’нинг жорий қилиниши ва эксплуатация жараёнлари билан танишдик. Бунда SAP S/4HANA платформасига ўтиш, бизнес жараёнларни интеграция қилиш, бошқарув ҳисобини автоматлаштириш, операцион самарадорликни ошириш ва корпоратив бошқарувнинг шаффофлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан маълумот берилди.
Делегация Қозоғистондаги биринчи газ-кимё мажмуаси –“Kazakhstan Petrochemical Industries Inc.” (KPI) заводида ҳам бўлди. Бу ерда замонавий рақамли ечимлар, хусусан, интеллектуал роботлаштирилган асосий омбор фаолиятига эътибор қаратилди. Мазкур омбор юқори самарали логистика ва товар оқимларининг автоматлаштирилган бошқарувини таъминлайди.
Эътиборга молик жиҳат шундаки, KPI заводининг тайёр маҳсулот омбори Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Танишув чоғида заводда жорий этилган “Computer Vision” тизими ҳам намойиш этилди. Қозоғистонлик мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган ушбу рақамли ечим саноат хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини сунъий интеллект ёрдамида кузатиш имконини беради.
Шундан сўнг, Атирау нефтни қайта ишлаш заводи (ТОО “АНПЗ”) фаолияти ҳам ўрганилди. Ушбу корхонада замонавий SCADA тизимлари, Big Data асосидаги предиктив таҳлил платформаси, технологик хавфсизлик ва хатарларни бошқаришга қаратилган модуллар жорий этилган. Бу жараёнда экологик кўрсаткичларни рақамли мониторинг қилиш ва энергия самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор берилади.
Умуман олганда, мазкур хизмат сафари “Ўзбекнефтгаз” АЖ учун Қозоғистоннинг етакчи саноат объектларида татбиқ этилган рақамли трансформация тажрибаси билан танишиш, ҳамкорлик доирасини кенгайтириш ҳамда соҳада инновацион ёндашувларни амалиётга жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА