Озарбайжон Бош вазири Ҳайдар Алиев ёдгорлигини зиёрат қилди
Озарбайжон Республикаси Бош вазири Али Асадов мамлакатимиз Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги Ҳайдар Алиев ёдгорлигини зиёрат қилди.
Мазкур мажмуа Озарбайжон Президентининг 2022 йил июнь ойида мамлакатимизга ташрифи чоғида очилган. Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимиздаги кўчага Ҳайдар Алиев номи берилгани ва унинг хотирасига бағишлаб ёдгорлик барпо этилгани биродар озарбайжон халқига чуқур ҳурмат-эҳтиромнинг амалдаги ифодасидир.
Ўзбекистон раҳбари ушбу масканнинг очилишида иштирок этаркан, марҳум давлат арбоби, Озарбойжон умуммиллий етакчиси мамлакатларимиз ўртасидаги дўстликни, қардош халқларимизнинг тарихий ришталарини изчил мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлаган эди. Ўз навбатида Озарбайжон етакчиси давлат раҳбари ва Ўзбекистон халқига Ҳайдар Алиевнинг ёрқин хотирасини асраб-авайлашга қаратилаётган доимий эътибор учун миннатдорлик билдирган эди.
Бугун ҳам анъанага мувофиқ юқори мартабали меҳмон ёдгорлик пойига гулчамбар қўйиб, мустақил Озарбайжоннинг асосчиси Ҳайдар Алиев хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
ЎзА