Мурожаатларга эътибор ортмоқда

Тўртқўл тумани «Беруний» маҳалласида Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан сайёр қабул ташкил этилди.
Мазкур қабулда Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири Э.Турсунов ҳамда Президент Халқ қабулхонасининг Тўртқўл тумани бўйича раҳбари У.Сабуров фуқаролар билан бевосита мулоқот қилди. Ушбу учрашувда жамоатчилик билан яқиндан мулоқот қилиб, уларнинг турли масалалар бўйича мурожаатлари диққат билан ўрганилди, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.
Қабул давомида аҳолининг уй-жой кадастрига оид ҳужжатларини расмийлаштириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда ижтимоий ҳимояга оид масалалардаги мурожаатлари алоҳида кўриб чиқилди ва уларга батафсил тушунтиришлар берилди. Шунингдек, қатор мурожаатлар тегишли тартибда назоратга олинди ва ўрганиш учун масъул идораларга юборилди.
Жами 8 та мурожаат текширувлар талаб этиши сабабли белгиланган тартибда қайд этилиб, назоратга олинди. Бу мурожаатлар тез орада аниқланиб, тегишли чора-тадбирлар кўрилиши таъкидланди.

Мазкур сайёр қабул фуқароларнинг давлат органларига ишончини мустаҳкамлашга, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ижтимоий-ҳуқуқий тадбирлардан бири сифатида аҳамият касб этади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги