Буғдой ўрими самарали бошланди

Беруний туманида 2025 йил ҳосили учун етиштирилган ғалла ҳосилини нобуд қилмасдан ўрим-йиғим мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар самарали давом этмоқда.
Беруний туманида 2025 йил ҳосили учун 182 ғалла етиштирувчи субъектлар томонидан 3800 гектар майдонга кузги бошоқли дон экинлари экилган. Ушбу ғалла экилган майдонлардан жами 11400 тонна, шундан жами товар донидан 10700 тонна ва уруғлик донидан 700 тонна етиштирилиши белгиланган.
Шунингдек, етиштириладиган товар донининг 3350 тоннаси (29,4 фоизи) давлат ресурси сифатида сотиб олинадиган буғдой ва қолган 7350 тоннаси (64,5 фоизи) дон корхонасида вақтинча сақланган ҳолда «биржа»да эркин нархда сотилиши белгиланмоқда.
– «Ғалла-2025» йиғим-терим мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида 15 та отряд ташкил этилиб, отрядларга Ички ишлар бўлими, Фавқулодда вазиятлар бўлими ва туман ҳокимлигидан масъуллар жалб этилди, – дейди Беруний тумани ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи ўринбосари Р.Абдураимов.
Шунингдек, ушбу отрядларга 15 та комбайн, дон ташиш учун 45 та юк автомашинаси, 102 та трактор тиркамаси, 14 та кўчма устахона, 14 та ёқилғи ташиш воситаси бириктирилди.

Ҳозирги кунга қадар тумандаги кузги буғдой экилган 664 гектар ердан 1997 тонна буғдой ўриб-йиғиб олинди. Бу ишлар самарали давом этмоқда.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги