Мўйноққа саёҳат қилиш учун самолёт билан борди
Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ходимларининг мазмунли дам олишини ташкил этиш мақсадида Мўйноқ туманига саёҳат ташкил этилди.
Ички туризмни ривожлантириш, фуқароларнинг тарихий-маданий мерос объектлари билан яқиндан танишиши учун шароит яратиш, шунингдек, ходимларнинг экологик билимини ошириш ва ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вазирлик ҳузуридаги касаба уюшмаси қўмитаси ташаббуси билан Қурбон ҳайити байрами муносабати билан Мўйноқ туманига саёҳат ташкил этилди.
Бу саёҳат иштирокчиларда чуқур таассурот қолдирди. Ходимлар нафақат минтақанинг мураккаб экологик ҳолати, балки унинг тарихий аҳамияти билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.
– Президентимиз ташаббуси билан ички туризмни ривожлантириш, соҳаларда фаолият юритаётган ходимларнинг маданий ва маънавий ҳордиқ чиқаришини ташкил этиш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, – дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги касаба уюшмаси ташкилоти раиси Марат Қурбониёзов.
Ҳар ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари тарихий, зиёрат ва маданий масканларга саёҳатлар ташкил этилиб, ходимларнинг мазмунли дам олиши таъминланмоқда. Вазирлик аппаратида ишлайдиган бир гуруҳ ходимлар билан эрталаб Нукус аэропортидан самолётда Мўйноққа ярим соатда қийналмай етиб келдик. Саёҳатимиз соат 15:30 гача давом этиб, 16:00 да яна самолёт билан Нукусга қайтдик.
Саёҳат давомида Мўйноқ туманида жойлашган ва Орол денгизи тубида пайдо бўлган «Кемалар қабристони»ни, шунингдек, Оролбўйи экологик фожиаси ва тарихий жараёнлар ҳақида маълумот берувчи «Орол денгизи тарихи» музейини бориб кўрдик. Орамизда Мўйноққа келиб кўрмаганлар ҳам бор экан. Бу ерда Мўйноқ ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлди.





Саёҳат давомида мутахассислар томонидан Оролбўйи ҳудудида юзага келган экологик муаммолар, уларнинг оқибатлари ва бу борадаги ислоҳотлар ҳақида маълумотлар берилди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги