Битирувчилар бандлигини таъминлашга эътибор қаратилмоқда

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрмановнинг Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида олий ўқув юртларини тамомлаётган ёшларга меҳнат бозоридаги мавжуд имкониятлар ҳақида тўлиқ маълумот бериш, уларнинг бандлигини таъминлашда амалий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, уларнинг ташаббусларини тинглаш ва муаммоларига ечим топиш мақсадида битирувчи талаба-ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирда тегишли вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори, академик А.Реймов бошчилигидаги университет проректорлари, барча факультет деканлари, декан ўринбосарлари ва битирувчи талаба-ёшлар иштирок этди.
Учрашувда Ф.Эрманов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПҚ-61-сонли «Олий таълим муассасалари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг аҳамияти ва ва унда кўзда тутилган вазифалар ҳақида кенг тарзда тушунча берди.
– Президентимизнинг ушбу қарори, аввало, битирувчиларнинг меҳнат бозорига мос равишда тайёрланишини, уларнинг мутахассислиги бўйича ишга жойлашишини тизимли йўлга қўйишни назарда тутади, – дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети тарих факультети декани Саламат Сулаймонов.
Тадбирда талаба-ёшлар тегишли соҳа раҳбарларига ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича мурожаат қилди.
Тадбирда саволлар асосан – битирувчи талабаларнинг бандлиги, бўш иш ўринлари, иш берувчилар билан алоқалар, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш имкониятлари, давлат томонидан берилаётган имтиёзлар ва субсидиялар, шунингдек, ижтимоий ҳимоя масалаларига қаратилди.
Учрашувда соҳа мутахассислари, вазирлик ва ташкилотлар вакиллари ёшларнинг саволларига атрофлича жавоб бериб, ўзларида мавжуд имкониятлар ва дастурлар ҳақида маълумотлар берди.
Тадбир якунида Ф.Эрманов битирувчи ёшларга юксак ишонч билдириб, уларни фаол ва фидойи бўлишга чақирди. Шунингдек, ҳар бир ёшнинг бандлиги ва келажаги давлат эътиборида экани, бу борада барча зарур чоралар кўрилаётгани таъкидланди.
Ушбу учрашув талаба-ёшлар учун нафақат мотиватцион руҳ, балки амалий жиҳатдан фойдали бўлган мулоқот майдонига айланди.




Учрашув давомида билдирилган таклиф ва мурожаатлар юзасидан мутасадди ташкилотларга тегишли топшириқлар берилди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси