Ёшларнинг ҳуқуқий билими ва маданияти оширилмоқда

Беруний туманидаги Ёшлар марказида судьяларнинг ёшлар билан учрашуви ва сайёр суд мажлиси ўтказилди.
Тадбирда Беруний тумани Жиноят ишлари бўйича суди тергов судьяси И.Алланиязов ва Нукус туманлараро маъмурий суди судьяси А.Салиевлар иштирок этди.
Учрашув давомида тергов судьяси И.Алланиязов ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бу иллатларнинг салбий оқибатлари ҳақида сўзлаб, қонунчиликдаги белгиланган тартиблар ва ёшларнинг ҳуқуқий онгини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан ёшларга атрофлича тушунтириш берди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 22 январдаги ПҚ-1-сонли қарори асосида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ҳам маълумот берди.
Нукус туманлараро маъмурий судининг судьяси А.Салиев эса Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 11 мартдаги ЎРҚ-1047-сонли қонунининг аҳамиятини таъкидлаб, ушбу қонун асосида суд тизимида яратилган қулайликлар, хусусан, суд жараёнларини масофадан туриб (онлайн тарзда) ўтказиш имконияти ҳақида маълумот берди. Судья суд мажлисини реал вақт режимида масофадан туриб қандай ташкил этиш мумкинлигини ёшлар иштирокида амалий тарзда кўрсатиб берди. Бу эса, ёшлар учун замонавий суд тизими имкониятларини бевосита кузатиш имконини яратди.



Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Беруний тумани судининг тергов судьяси И.Алланиязов томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг оқибатларини тушунтириш мақсадида сайёр суд жараёни ташкил этилди. Ёшлар ушбу суд мажлисида бевосита иштирок этиб, суд жараёнининг боришини амалий жиҳатдан кузатиш имконига эга бўлди.
– Ўтказилган учрашув ёшларнинг ҳуқуқий билимини ошириш ва ҳуқуқий маданиятини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди, – дейди Нукус туманлараро маъмурий суди судьяси А.Салиев.
Тадбир давомида судьялар ёшларнинг қизиқтирган саволларига батафсил жавоб берди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси