Тўлов хизматлари бозорида шаффофлик талаблари кучайтирилмоқда

243

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида тўлов хизматлари билан боғлиқ ҳужжат — тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда тўлов хизматларини кўрсатувчи тижорат банклари ва тўлов ташкилотлари томонидан тўлов хизматларини кўрсатиш жараёнида операцион, ликвидлик, кредит ва киберҳужум таваккалчиликларнинг пайдо бўлиш ҳолатлари кўп учрамоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси билан “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Депутат Адҳам Назирқуловнинг қайд этишича, рақамли тўлов хизматларини тақдим этишда ижтимоий инжиниринг ва кибержиноят билан боғлиқ таваккалчиликлар тури ортиб бораётгани сабабли барча тўлов тизими операторлари зиммасига таваккалчиликларни бошқариш тизимини жорий этиш ва Марказий банк томонидан белгиланган минимал талабларга мувофиқ бўлишини таъминлаш юклатилмоқда. Тўлов ташкилотлари тўлов фаолиятининг кўламига кўра, икки тоифага ажратилиб, муҳим тўлов ташкилоти тушунчаси киритиляпти.

Тўлов терминаллари ва виртуал тўлов терминалларининг ҳуқуқий мақоми аниқ белгилаб берилмоқда. Фирибгарликка қарши антифрод тизимларини жорий этиш мажбурияти назарда тутилмоқда. Тўлов хизматлари бозорида шаффофлик ва фаолиятнинг узлуксизлигини таъминлашга қаратилган талаблар кучайтирилмоқда.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тўлов хизматлари бозорида хавфсизликни таъминлаш, молиявий фирибгарликларнинг олдини олиш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА