Табиатнинг қадрини англашимиз зарур

274

Табиатга суиқасдлик – бу инсоннинг ўз манфаатлари йўлида, атроф муҳитни бефарво равишда эксплуатация қилиши ва унга зарар етказиши ҳисобланади. Бу табиатни бутунлай англамаслик, унинг нозик мувозанатини бузиш ва унга нисбатан ҳурматсизлик натижасидир.

Дарахтларни кесиш, дарё сувини ифлослантириш, ҳайвонларни ўлдириш – бу каби ҳаракатлар аслида табиий муҳитга қилинадиган қаттиқ зарбалардир. Табиатни бундай ўзгартириш экотизимлар ўртасидаги инжиқликка сабаб бўлади. Табиатнинг барча бўлаклари – ўсимликлар, ҳайвонлар, микроорганизмлар ўзаро боғлиқ ва бир бирини қўллаб-қувватлайди. Лекин агар биз бир қисмини йўқотсак, бошқа қисмлар ҳам издан чиқади. Кейин табиатнинг қанчалик нозик эканлигини тушуниб етамиз, лекин ўша пайт кеч бўлиши мумкин. Ҳатто, бир ўрмоннинг кесилиши ёки дарё суви тўсилиши бутун бир тирик жонзотларнинг яшашига таҳдид солади. Ўрмонларни кесиш, ерларни нотўғри ишлатиш, керагидан ортиқ табиий бойликларни, минералларни қазиб олиш оқибатида ернинг унумдорлиги камаяди, сув манбалари ва атмосфера ифлосланади.

Ишлаб чиқаришдан чиқадиган газлар ва одамлар кундалик турмушида фойдаланадиган пластик идишлар, бир марталик плёнкалар, турли ёнувчи ахлатларнинг ёқиб юборилиши – ҳаммаси биргаликда дунёнинг иқлимини ўзгартирмоқда. Иқлим ўзгариши ўз-ўзидан хавф туғдиради: денгиз сатҳининг кўтарилиши, ҳалокатли ёмғирлар ёки қурғоқчилик – буларнинг барчаси инсоннинг ўзининг босган нотўғри қадамлари натижасидир.

Табиатдаги барча турлар: ҳайвонлар-у ўсимликлар бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Лекин инсонларнинг ўйламасдан қилинган ҳаракатлари сабабли айрим турлар йўқолиб бормоқда. Масалан, асосан Орол денгизи ва Амударёнинг қуйи қисмида яшаган “Орол сулаймонбалиғи” номли балиқ ҳаддан ташқари балиқчиликнинг ривожланиши оқибатида ўтган асрнинг 30-йилларида йўқолиб кетган. Ёки ўша йилларда бутун ер юзида йўқолиб кетган “Фарғона олақаноти” номли капалак турини мисол қилишимиз мумкин. Бундай йўқотишлар яхшиликка олиб келмайди. Табиатда бир турнинг йўқолиши, бутун экотизимни заифлаштиради ва охир-оқибат одамзотнинг ўзига ҳам зарар йетказади. Биз инсонлар ҳали ҳам, табиат бизсиз яшаши мумкин-у, лекин бизлар табиатсиз яшай олмаслигимизни тушуниб етмаяпмиз.

Эндиликда шу каби муаммоларга қарши курашиш ва барқарор ривожланиш учун бизнинг ҳар бир ҳаракатимиз табиатга зарар бермасдан давом этиши керак. Ресурсларни меъёрида ишлатиш, улар қайта тикланадиган тарзда фойдаланиш – бу ҳам жамиятни, ҳам табиатни асрашнинг калитидир. Биз ҳар биримиз табиатнинг қадрини англашимиз, унга зарар етказмаслик учун ўзимиз билан курашишимиз зарур. Чунки бу бизнинг келажагимиз!

Хулоса қилиб шуни айтишим мумкинки, табиатга суиқасд бу фақатгина инсоннинг табиатга қаратган хато қадамларининг натижаси эмас, балки бизнинг ўз ҳаётимизни, ўз келажагимизни хавф остига қўйишимиздир. Табиатни асраб-авайлаш, унинг кучига ишонч, барқарорлигини таъминлаш – бу ҳар биримизнинг устувор вазифамиз бўлиши керак.

Шоира Хайтбаева,

ҚДУ, журналистика ихтисослиги 1-курс талабаси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги