Қонунчиликдаги янги ўзгариш ва қўшимчалар муҳокама қилинди

231

Қорақалпоғистон Республикаси судида прокуратура органлари билан ҳамкорликда амалий семинар ўтказилди.

Семинарда республикамиздаги судьялар ва Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасининг масъул ходимлари иштирок этди.

Семинарни Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси А.Керимбаев олиб борди.

Тадбир давомида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуннинг аҳамияти кенг муҳокама қилинди.

Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида прокурорнинг иштирокини назарда тутувчи қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, прокурорга ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ва ва давлат бюджетидан ундиришга оид ишларда судларда иштирок этиш ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза киритиш ҳуқуқи берилди.

Семинар давомида мазкур қонун ижросини таъминлашда судлар ва прокуратура органларининг ўзаро ҳамкорлиги, прокурор иштироки белгиланган ишларнинг суд мажлисларида кўрилиб чиқиш тартиби, ушбу ваколатларнинг амалий қўлланилиши каби масалалар юзасидан тажриба алмашилди.






Тадбир якунида иштирокчилар фуқаролик ишларини кўришда прокурор иштирокини таъминлашда суд амалиётида учраётган масалалар, уларнинг ечимлари бўйича фикрлашиб, ўзларини ўйлантириб келаётган саволларга тегишли жавоблар олди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси