Макрон: Тезроқ амалий ишга ўтиш керак

Франциянинг Ницца шаҳрида БМТ ташаббуси билан ташкил этилган океанлар бўйича учинчи халқаро конференция иш бошлади. Экология билан боғлиқ глобал муаммоларни бартараф этиш йўлида навбатдаги муҳим қадам ҳисобланган мазкур анжуманда 60 га яқин давлат ва ҳукумат раҳбарлари, етакчи олимлар, нодавлат ташкилотлар ва бизнес-доира вакиллари иштирок этмоқда.
Конференциянинг асосий мақсади – глобал исиш, ифлосланиш ва манбалардан номутаносиб фойдаланиш оқибатида инқирозга юз тутаётган океан экотизимини асраб қолишга қаратилган аниқ амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш.
Мутахассислар анжуман арафасида тайёрлаган ҳужжатда уммонларни муҳофаза қилиш бўйича 10 устувор тавсия илгари сурилган. Айни жараёнда океан тубидан фойдали қазилмалар қазиб олишни тўлиқ тақиқлаш ва мамлакатлар юрисдикциясига кирмайдиган сув ҳудудида биология хилма-хиллигидан адолатли фойдаланиш масаласи алоҳида ўрин тутади.
Саммит давомида экологлар чуқур денгиз ресурсларидан фойдаланиш бўйича мораторийни кенгайтириш зарурлигини яна бир бор таъкидлашди.
Франция Президенти Эммануэль Макроннинг сўзларига кўра, бу ташаббусни ҳозирча 30 давлат қўллаб-қувватлаган. У қолган давлатларни ҳам глобал ташаббусни ёқлаб чиқишга чақирди.
Дарвоқе, ер юзидаги энг йирик денгиз давлати – АҚШ ушбу муҳим тадбирга ҳукумат делегациясини юбормаган. Фаранг давлати етакчиси бу ҳолатни танқид қилиб, мазкур мамлакат иқлим масаласи бўйича моддий ёрдам механизмидан чиқиб кетганини кескин қоралади. Унинг таъкидлашича, “…негаки халқаро илм-фан ҳамон кўп жиҳатдан Америка молиясига таянади”.
Расмий даражада иштирок этмаган бўлса-да, Қўшма Штатларнинг айрим қирғоқ шаҳарлари вакиллари анжуманда шахсан қатнашиш учун Ниццага келган. Демак, океан ортида ҳам экологик хавотир юқори.
К.Бекжонов, ЎзА