Ёшларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, вазифалар белгиланди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаевнинг «Ёшлар ойлиги» доирасида Қўнғирот туманидаги фаол ёшлар билан учрашуви ўтказилди.
Учрашув доирасида дастлаб, бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Ярмаркада 44 та муассаса ва ташкилот 154 та бўш иш ўрни билан иштирок этди. Унда қатор ёшлар иш ўринларига жойлаштирилган бўлса, яна бир гуруҳ хотин-қизларга қайта касбга йўналтириш бўйича йўлланмалар берилди.
Шундан сўнг IT соҳаси мутахассислари томонидан соҳани ривожлантириш, IT хизматларини тақдим этишни йўлга қўйиш, озгина қунт қилиш орқали катта даромад олишни йўлга қўйиш ҳамда Ташқи беғараз ёрдам маблағларини (грантларни) жалб қилиш ва донорлар билан ишлаш бўлими томонидан ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва турли лойиҳалар бўйича ишлаши учун грант маблағларини кенг жалб қилиш усуллари кўрсатилган тақдимотлар, маълумотлар тақдим этилди. Бундан ташқари, Президентимизнинг топшириғи билан ёшлар банки сифатида эълон қилинган Алоқа банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи, Миллий банкнинг масъул мутахассислари томонидан ёшлар тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва мавжуд лойиҳаларни кенгайтириш бўйича яратилган имкониятлар ҳақида кенг маълумот берилди.
Учрашувда дастлаб республикамиз раҳбари юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани, Президентимизнинг ёшларга бўлган юксак ишончи, алоҳида эътибори ва оталарча ғамхўрлиги натижасида улар учун барча имкониятлар яратилаётганини алоҳида мамнуният билан таъкидлади.
Таъкидланганидек, Президентимиз раҳбарлигида ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Замонавий таълим муассасалари очилди, тадбиркорлик йўналиши бўйича кўплаб имтиёзлар берилди. Таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳалардаги ёшларимиз моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда. Айниқса, Президентимизнинг 213-сонли тарихий фармони билан олий ўқув юртларида қорақалпоғистонлик ёшлар учун алоҳида қўшимча квоталар ажратилаётгани ёшларимиз учун янги имкониятлар эшигини очиб бермоқда.
Ўз навбатида, қўнғиротлик ёшлар ҳам бундай эътибор учун Президентимизга алоҳида миннатдорлик билдирди.
Ўтказилган учрашув давомида ёшлар билан яқиндан мулоқот қилиниб, уларнинг хоҳиш-истаклари, шунингдек, таклифлари тингланди. Хусусан, ёшлар томонидан туман ҳудудида замонавий кутубхона барпо этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, параспорт билан шуғулланиши учун қўшимча имкониятлар яратиш, Баркамол авлод болалар мактабида лаборатория ва IT курслар ташкил этиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Ўз навбатида ҳар бир ташаббус ва таклиф Жўқорғи Кенгес Раиси томонидан белгилаб олинди ва тез орада ҳаётга татбиқ этиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.

Шундан сўнг бир гуруҳ ёшлар фаоллиги ва тенгдошлари орасида алоҳида ютуқларга эришиб, кўпчиликка намуна бўлаётгани учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарори билан тақдирланди.
Ўтказилган учрашув чин маънода Жўқорғи Кенгес Раиси ва ёшларнинг бевосита мулоқот майдонига айланди ва бундай учрашувлар республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида давом эттирилади.
Учрашувдан сўнг, Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси, Жўқорғи Кенгес мутасаддилари ва соҳа раҳбарлари иштирокида ёшларнинг муаммоларини эшитиш мақсадида қабул ўтказилиб, муаммолар ечимини топиш чоралари кўрилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги