Ўзбекистон ҳамда Қатар учрашувини хитойлик ҳакамлар бошқаради
Футбол бўйича Осиё минтақасида Жаҳон чемпионати саралашининг учинчи босқичида 10-тур учрашувлари эртага, 10 июнь куни бўлиб ўтади.
Ушбу тур доирасида Ўзбекистон – Қатар, Қирғизистон – БАА, Эрон – КХДР, Фаластин – Уммон, Иордания – Ироқ, Жанубий Корея – Кувайт, Япония – Индонезия, Саудия Арабистони – Австралия, Хитой – Баҳрайн терма жамоалари ўзаро рақобатлашади.

Табиийки, бизнинг бор эътиборимиз «Бунёдкор» стадионида кечадиган Ўзбекистон ҳамда Қатар терма жамоалари ўртасидаги учрашувга қаратилади. Ўйин соат 18:45 да бошланади ва уни хитойлик ҳакамлар бошқаради. Бош ҳакам — Ма Нинг, унга қанотларда Жою Феи ва Жанг Ченг ёрдам беради. Тўртинчи ҳакам сифатида Жин Жингюан, VAR тизимида эса Фу Минг ишлайди.

Аслида, бу учрашув ҳар икки жамоа учун мусобақа тақдирини ҳал қилмайди, чунки Ўзбекистон терма жамоаси аллақачон муддатидан аввал Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган. Шунга қарамай, жамоамиз ўз мухлислари учун чиройли ўйин кўрсатади.
Маълумот учун: Ўзбекистон ва Қатар терма жамоалари 2000 йилдан буён Жаҳон ва Осиё чемпионати саралаш босқичлари, Осиё чемпионати ҳамда ўртоқлик учрашувлари доирасида жами 16 марта тўқнаш келган. Ушбу ўйинларнинг 9 тасида Ўзбекистон ғалаба қозонган, 3 та учрашув дуранг билан якунланган. 4 ўйинда эса Қатар жамоаси устунликка эришган. Тўплар нисбати эса 27:17 Ўзбекистон терма жамоаси фойдасига.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА