Жаҳон миқёсида тенгсиз бўлган қўл жанги усталаримиз муносиб кутиб олинди

249

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Туркиянинг Бурса шаҳрида бўлиб ўтган қўл жанги бўйича жаҳон чемпионати ҳамда Грециянинг Лутраки шаҳрида ташкил этилган VIII «Бутунжаҳон спорт ўйинлари – 2025» мусобақасида муваффақиятли иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси тантанали равишда кутиб олинди.

Мазкур маросимда Ўзбекистон Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўл жанги федерацияси раҳбарияти, турли вазирлик ва идора вакиллари, кенг спорт жамоатчилиги, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда спортчи ва мураббийларнинг ота-оналари иштирок этди.

Шу ўринда терма жамоамизнинг икки йирик халқаро мусобақада қайд этган юксак натижалари ҳақида қисқача тўхталиб ўтиш ўринли.

Жумладан, 30 майдан 1 июнга қадар Туркиянинг Бурса шаҳрида ўтказилган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 32 мамлакатдан ташриф буюрган 300 нафардан ортиқ спортчи иштирок этди. Қувонарлиси, Ўзбекистон терма жамоаси мазкур нуфузли турнирда 8 та олтин, 3 тадан кумуш ва бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Бундан ташқари, 3–8 июнь кунлари Грециянинг Лутраки шаҳрида ўтказилган VIII «Бутунжаҳон спорт ўйинлари – 2025» доирасидаги қўл жанги мусобақаларида 15 та давлат терма жамоалари ўзаро куч синашди. Қизғин ва муросасиз жанглар остида ўтган мусобақада Ўзбекистон вакиллари 13 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи бўлди. Шунингдек, турнир давомида 5 нафар халқаро тоифадаги ҳакамимиз баҳсларни муваффақиятли бошқарди.

Таъкидлаш жоизки, Бутунжаҳон спорт ўйинлари ҳар икки йилда бир марта ўтказилади. 2023 йилги мусобақа Италияда ўтказилиб, унда қўл жанги беллашувлари дастурга киритилган эди. Ўша мусобақада ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоаси 30 дан ортиқ давлат вакиллари орасида 7 та олтин ва 1 та кумуш медални қўлга киритган ҳолда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган.

— Қўл жанги бўйича VIII «Бутунжаҳон спорт ўйинлари – 2025» ҳамда жаҳон чемпионатининг -90 кг вазн тоифасидаги беллашувларида олтин медални қўлга киритиб, халқимиз ва мураббийларимиз ишончини оқлаганимдан жуда хурсандман, — дейди Оғабек Жуманиёзов. — Бу каби юқори натижалар давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда барча спорт турлари қаторида қўл жанги спортига ҳам кўрсатилаётган юксак эътибор самарасидир. Шу боис, сўнгги йилларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси қўл жангида дунё миқёсида етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда. Ишонамизки, келгусидаги йирик халқаро мусобақаларда ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғоналаридан жой оламиз.

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА