Экишдан олдин ерни тайёрлашнинг аҳамияти катта

Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси бошлиғининг ўринбосари О.Махмадалиев «Хўжайли» чегара божхона постида бўлиб, пост ҳудудида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари билан танишди.
Таъкидлаш жоизки, куз мавсумида бу ерга 1100 туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилган бўлишига қарамай, ҳудуднинг мураккаб иқлим шароити ва ернинг шўрланиши туфайли уларнинг катта қисми кўкармай қолган.
Шу боис, бошқарма раҳбарлари томонидан ҳудудни кўкаламзорлаштириш ва экологияни муҳофаза қилиш мақсадида, замонавий агрономия усулларидан фойдаланиш тавсия этилди.
Дарахт турлари ва уларнинг ўсиши учун зарур шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ҳудуднинг мураккаб иқлим шароити, ернинг ҳолатидан келиб чиқиб, унга мос дарахтлар экиш ва ерга ишлов бериш, декоратив тошлардан фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.
Ободонлаштириш ишларига Қорақалпоғистон Республикаси Ободонлаштириш бошқармасининг мутахассислари ҳам жалб этилиб, пост ҳудудидаги шўрланган ерларни ювиш ва кўкаламзорлаштириш, унумдорлигини ошириш бўйича келгусидаги ишлар келишиб олинди.
Тупроқларнинг шўрини ювишдан олдин, ерларни махсус техник воситалар ёрдамида тўлиқ юмшатиш, текислаб суғориш ва маккажўхори, суданкаларни экиш орқали куз мавсумига дарахт кўчатларини экишга тайёрлаш бўйича зарур чоралар кўриладиган бўлди.



А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги