«Орол» ва «Жайҳун» Про-лигада нечанчи ўринда келмоқда?

246

7-8 июнь куни футбол бўйича Ўзбекистон Про-лигасида 8-тур ўйинлари бўлиб ўтди.

Ушбу тур доирасида Нукуснинг «Жайҳун» жамоаси ўз майдонида турнир етакчиси Тошкентнинг «Локомотив» клуби билан учрашди.

Ўйин кутилганидек кескин ва қизиқарли воқеаларга бой бўлиб, учрашувнинг 6-дақиқасида «Жайҳун» жамоаси ўйинчиси Бегис Куванишбаев «Локомотив» дарвозасини аниқ нишонга олди ва ўйиндаги ҳисобни очишга муваффақ бўлди.

Шундан сўнг тошкентлик футболчилар ҳам ҳисобни тенглаштириш учун бир қатор ҳужумлар уюштирди ва шундай ҳужумлардан бирини қайтаришда жамоамиз сардори Рашид Аразов рақиб футболчисини тирсаги билан уриб тўхтатиб қолди ва ўйин ҳаками томонидан қизил карточка билан жазоланди.

Учрашувдаги ушбу устунликдан унумли фойдаланган «Локомотив» клуби футболчиси Мухриддин Зоиров 41-дақиқада «Жайҳун» жамоаси дарвозасига гол уриб, учрашувдаги ҳисобни тенглаштиришга эришди.

Иккинчи таймни нукуслик футболчилар ҳам хавфли ҳужумлар билан бошлади ва шундай ҳужумларнинг бирида «Локомотив» клуби футболчиси К.Ҳаннанов футболчимизни қўполлик билан тўхтатиб, ўйин ҳаками томонидан иккинчи марта сариқ карточка билан жазоланди ва майдондан четлаштирилди.

Шундан сўнг икки жамоа аъзолари ҳам ўйиндаги ҳисобни ўзгартиришга ҳаракат қилди. Бироқ, уларнинг бу ҳаракатлари бесамар кетди ва ўйин 1:1 ҳисоби билан якунланди.

Республикамизнинг бош жамоаси ҳисобланган «Орол» клуби эса, бу турда Фарғона вилоятига сафар қилиб, Фарғона давлат университетининг «FARDU» жамоасини 0:1 ҳисобида енгишга муваффақ бўлди. Учрашувдаги ягона голни жамоамиз ҳужумчиси Зулфиқор Қувонишбоев уришга муваффақ бўлди.

Ўтказилган 8-турдан сўнг Нукуснинг «Арал» клуби 13 очко тўплаб турнир жадвалида 3-ўринни эгаллаб келаётган бўлса, «Жайҳун» жамоаси 8 очко билан 4-ўринни эгаллаб турибди.

Энди 9-турда «Орол» клуби Тошкентнинг «Олимпик» жамоаси билан, «Жайҳун» «ФАРДУ»га қарши сафарда ўйинлар ўтказади.

Жамоаларимизга омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси