Беш ойда 26 минг 541 та ер участкаси ва кўчмас мулкка кадастр паспорти тайёрланган

Қорақалпоғистон Республикасида 2025 йилнинг ўтган 5 ойи давомида Давлат кадастрлари палатаси бошқармаси ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан 26541 та ер участкаси ва кўчмас мулкка кадастр паспорти тайёрлаб берилган. Бу ҳақда Давлат кадастрлар палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси хабар берди.
Қўшимча қилинишича, Қорақалпоғистондаги 41 325 ер участкаси ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилган.
Шунингдек, ҳозирги вақтда Қорақалпоғистон Республикасида жами 476 165 дона кадастр ҳужжатлари архивларда сақланмоқда. Шундан, 472 384 та ҳужжат электрон форматга ўтказилди.
– 2025 йилда Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа туманларида замонавий мобил стеллажлар ўрнатилиб, Нукус шаҳри, Мўйноқ, Қўнғирот, Элликқалъа туманларида архив кадастр ҳужжатларини рақамлар бўйича қайта тартиблаш ишларини амалга ошириш режалаштирилмоқда, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бош мутахассиси Парахат Ажимуратов.
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни тан олиш тўғрисида»ги Қонуни 2024 йил 8 ноябрда кучга кирди.
Ушбу Қонунга мувофиқ, ҳуқуқларни тан олиш ишларини ҳудудлар, маҳаллалар кесимида босқичма-босқич хатловдан ўтказиш йўли билан амалга ошириш белгиланган. Хатлов ишларини ташкил этиш мақсадида Кадастр агентлиги томонидан «ETIROF» ахборот тизими ишлаб чиқилиб, хатлов ўтказиладиган ҳудудлар, маҳаллаларнинг режа-жадвали тасдиқланди ва эълон қилинди.
Хатлов йўли билан аниқланган бино ва иншоотлар тўғрисидаги маълумотлар «ETIROF» дастурига киритилади ва ҳар бир кўчмас мулк объекти бўйича тегишли вазирлик ва идоралардан тузилган ишчи гуруҳ хулосаларини беради ҳамда юқоридаги бинолар 2018 йил 1 май ҳолатига кўра қурилган ёки қурилмаганлиги бўйича космик суратлар ёрдамида таҳлил қилинади.
Ушбу қонун асосида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қарори билан Чимбой, Кегейли, Тахтакўпир, Қораўзак ва Амударё туманларидаги ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлар ҳамда ортиқча эгалланган ер майдонларида қурилган қурилиш ва иморатларга қараб, 24 нафар фуқаронинг уй-жой ва ер участкаларига ижара ва мулк ҳуқуқлари тан олинди.
Айни пайтда бу борадаги ишлар давом эттирилиб, кадастр мутахассислари томонидан Қорақалпоғистон Республикасида 30 368 та кўчмас мулк иншооти хатловдан ўтказилиб, 10 257 та объект «ETIROF» ахборот тизимига киритилди.
1191 та объект ҳақидаги маълумотлар kadastr.uz сайтида ва маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларида эълон қилинди. 7583 та объект ҳозирда муҳокамада, 260 та объект Адлия органлари томонидан ўрганилмоқда, 341 та кўчмас мулк қайта кўриб чиқилмоқда, 193 та объект эгалари қонунда кўрсатилган бир марталик тўловларини тўлаши кутилмоқда ва 31 та кўчмас мулк бўйича ҳуқуқларини тан олиш учун маҳаллий кенгашларга муҳокамага киритилган.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги