Минг гектарга яқин майдонга мевали кўчатлар экилади

267

Беруний туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 декабрдаги ПҚ-465-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида дала четлари, каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларда, аҳолининг томорқа ерлари, хонадонлар ва кўп қаватли уйларнинг олди ва маҳалланинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни ташкил этиш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.

Унда Беруний, Тўрткўл ва Элликқалъа туманларидан Карантин агентлиги, Фермерлар кенгаши ва бошқа қатор қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари, деҳқон-фермерлар ва томорқа ер эгалари иштирок этди.

Тадбирда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти, белгиланган имтиёзлар тушунтирилиб, дала четидан ва коллектор-дренаж атрофларидан самарали фойдаланиш, экилган мева кўчатлари ва полиз экинларини парваришлаш бўйича ҳам маълумотлар берилди.

Семинарда қишлоқ хўжалиги кооперацияларини ташкил этиш ва юритиш, edu.karantin.uz платформасида ўқитиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари ҳақида ҳам сўз юритилди.

Президент қарори асосида республикамиз туманларида дала четларидаги 905 гектар майдонга 890 минг туп мевали кўчатлар экиш режаси тасдиқланган бўлиб, шу жумладан, 453 гектар майдонга 385 минг туп гилос, 91 гектар майдонга 77 минг туп беҳи, 27 гектар майдонга 30 минг туп узум, 181 гектар майдонга 91 минг туп жийда, 154 гектар майдонга 308 минг туп тут мевали дарахтларини экиш белгиланган.

Шунингдек, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофига режа асосида 99 гектар ерга 97 минг туп мевали кўчатлар экиш прогноз қилиниб, хусусан, 49 гектар майдонга 42 минг туп гилос, 10 гектар майдонга 8 минг туп беҳи, 3 гектар майдонга 3 минг туп узум, 20 гектар майдонга 10 минг туп жийда, 17 гектар майдонга 34 минг туп тут мевали кўчатлари ўтқазиш режалаштирилган эди.

Бугунги кунга келиб, Қорақалпоғистон Республикасида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан дала четлари, суғориш каналлари ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларга экспортбоп мевали дарахт кўчатлари экилиб, белгиланган режа тўлиқ бажарилди.






Жумладан, 2025 йилда Беруний туманида дала четларидаги 101 гектар майдонга ҳамда суғориш ва коллектор-дренаж атрофидаги 8 гектар майдонга мева кўчатлари, полиз экинлари, сабзавотлар ва дуккакли ўсимликлар экилган. Ушбу экилган кўчатлар ҳудудларга бириктирилган фитосанитар назорат давлат инспекторлари томонидан мониторингдан ўтказилиб, мониторинг натижалари бўйича маълумотлар «E-Fito» дастуридаги «Дала назорати» платформасига тўлиқ киритилиб, рўйхатга олинган.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги