«Амударё оққуши» ёдга олинди

451

Бугун Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти музейида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, қорақалпоқ халқининг биринчи балеринаси Замира Давлатмуратова таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан «Амударё оққуши» номли хотира кечаси бўлиб ўтди.

Тадбирда З.Давлетмуратованинг ҳамкасблари ва тенгдошлари иштирок этиб, у билан боғлиқ хотиралар, унинг истеъдодли ҳаёт йўли ҳақида ўртоқлашди. Ҳар бир айтилган сўз, эсга олинган воқеа – бетакрор балеринанинг балет санъатига қўшган беқиёс ҳиссасидан дарак бериб турди.

Давлатмуратова Замира Турдимуратовна (1955 йил 21 июнь – 2016 йил 6 июль) – Қорақалпоғистоннинг биринчи профессионал балеринаси. Тошкент хореография билим юртини ва А.Я.Ваганова номидаги Ленинград билим юртини тамомлаган. 1975 йилдан Алишер Навоий номидаги Ўзбек давлат академик опера ва балет театрининг балет артисти бўлиб ишлаган. 1999 йилдан театр балет труппасининг репетитори бўлган. Халқаро ва миллий балет танловлари лауреати. У ўзининг ижодий фаолияти давомида театр саҳнасида машҳур асарларда мухлисларига балет спектаклларини тақдим этган. Бир нечта шогирдлар тайёрлаб, мураббийлик йўлининг давомий бўлишига асос солиб кетган.




Хотира кечасида Қорақалпоғистон Республикаси маданият вазири Б.Темирбаев иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги