Ўзбекистон ва Хитой: Ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида стратегик шериклик муносабатлари кенгайиб, кўплаб соҳаларда ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бормоқда. Шу билан бирга, парламентлараро алоқалар соҳасида ҳам муайян келишувларга эришилмоқда.
Хитой Халқ Республикаси Халқаро дўстлик уюшмаси раиси ўринбосари Цзян Цзян Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ташриф буюрди. Меҳмонларни қуйи палатанинг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Улуғбек Шерматов кутиб олди. Бу ҳақда Қонунчилик палатасининг матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкамланаётгани алоҳида таъкидланди. Ҳукуматлар, парламентлар, ташқи сиёсат ва тармоқ идоралари даражасидаги алоқалар сезиларли даражада фаоллашгани, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланаётгани қайд этилди.

Мулоқот давомида У.Шерматов меҳмонларга янги таҳрирдаги Конституция ҳамда “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Қонунчилик палатасининг таркибий тузилиши, унинг қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Конструктив ва ўзаро ишонч руҳида бўлиб ўтган мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш ва уни янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро тажриба алмашиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
М.Комилова,
ЎзА