Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда халқаро ҳамкорлик муҳим

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва барқарор иқтисодий ўсишга эришиш мақсадида халқаро ҳамкорлик алоқалари изчил мустаҳкамланмоқда.
Айни йўналишда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) билан амалга оширилаётган ҳамкорлик лойиҳалари қатор муҳим соҳаларни қамраб олиб, қишлоқ жойлардаги салоҳиятни юзага чиқариш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва инвестициявий муҳитни яхшилашга хизмат қилмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти инвестиция маркази директори Муҳаммад Мансури бошчилигидаги делегация вакиллари билан ўтказилган учрашувда шу ҳақда сўз борди.
Учрашув чоғида томонлар қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлимга мос инвестициялар, барқарор ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш ҳамда молиявий инклюзивлик каби устувор йўналишларда фикр алмашиб, янги ташаббусларни муҳокама қилди. Бунда ҳудудлар кесимида мавжуд иқтисодий салоҳиятни рўёбга чиқариш, инфратузилмавий имкониятларни яхшилаш орқали хусусий сектор инвестицияларини жалб этиш муҳим масала ҳисобланади.
Унда иштирокчилар қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларини бошқариш йўналишида йирик стратегик инвестиция режаларини амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
Маълумки, БМТнинг FAO ташкилоти дунёда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, очликка барҳам бериш ва қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш мақсадида фаолият юритувчи халқаро ташкилотдир. Унинг Инвестиция маркази эса аъзо давлатларда самарали лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашиб келмоқда.
Томонлар фикрига кўра, ресурслардан самарали фойдаланиш, ирригация тизимларини модернизация қилиш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш орқали ҳосилдорликни ошириш мумкин. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозорларга чиқишини таъминлаш, логистика занжирларини ривожлантириш ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар турини кенгайтириш ҳам мақсадга мувофиқдир.
–FAO томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар қатор муҳим техник ва таҳлилий йўналишларни қамраб олган. Жумладан, савдо бўйича таҳлилий тадқиқотлар, чорвачиликни ривожлантиришда техник ёрдам, ирригация тизимларини модернизация қилиш, иқлимга мос минтақавий ва глобал қиймат занжирларини мустаҳкамлаш шулар жумласидандир. Мазкур учрашув ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда долзарб лойиҳалар бўйича мулоқотни давом эттиришга яна бир муҳим қадам бўлди, – деди вазирлик бошқарма бошлиғи ўринбосари Одил Ўсаров.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА