Улуғ адабиётшунос олимга эҳтиром кўрсатилди

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида юртимизда қорақалпоқ тили ва адабиётшунослик фани ривожига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган буюк сиймолардан бири Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларига хизмат кўрсатган фан арбоби, Бердақ номидаги давлат мукофоти лауреати, филология фанлари доктори, профессор Сражатдин Ахметов хотирасига бағишланган “Профессор Сражатдин Ахметовнинг илмий мероси» номли хотира кечаси бўлиб ўтди.
Кечада университет раҳбарияти, Қозоғистон Республикаси Ш. Есенов номидаги Каспий технологиялар ва инжиниринг университети президенти Берик Ахметов, устознинг шогирдлари, яқинлари ва олимлар иштирок этди.
Тадбирни университет ректори, академик Ахмед Реймов очди ва олиб борди.



Кечада Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси К.Каримов, олимнинг шогирди филология фанлари доктори, профессор Қ.Оразимбетов, физика-математика фанлари доктори, профессор Қ.Исмайлов ва бошқалар сўзга чиқиб, олимнинг қорақалпоқ адабиётшунослик илми ривожига қўшган ҳиссаси, филология илмида тутган ўрни, ёш авлод тарбиясидаги хизматларини алоҳида таъкидлади.
Тадбир давомида профессор Сражатдин Ахметовнинг бой илмий мероси, илмий мақолалари, монографиялари, ўқув қўлланмалари, шунингдек, унинг тилшунослик, адабиётшунослик, таржима назарияси ва бадиий тафаккурга оид изланишлари ҳақида чуқур таҳлилий фикрлар билдирилди. Хусусан, университетнинг филология факультети профессор-ўқитувчилари ва илмий изланувчилари томонидан профессорнинг илмий қарашлари, унинг издошлари томонидан такомиллаштирилган илмий мактаби ҳақида сўз юритилди.
Хотира кечаси давомида профессорнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган кўргазма ташкил этилиб, унда унинг қўлёзмалари, фотосуратлари, илмий ишлари намойиш этилди. Бу эса иштирокчиларга нафақат илмий, балки инсоний фазилатлари билан ҳам эътибор қозонган устознинг ёрқин сиймосини яна бир бор яқиндан акс эттирди, деб айта оламиз.
– Бундай учрашув кечаси орқали буюк олимнинг бой илмий мероси яна бир бор ёдга олинибгина қолмай, балки, ёш авлод қалбида устозга бўлган ҳурмат ва садоқат, илмга бўлган қизиқиш янада ортади, – дейди олимнинг шогирди филология фанлари доктори, профессор Қ.Оразимбетов.
Албатта, бундай тадбирларнинг ўтказилиши юртимизда илм-фан соҳаси ва зиёлилар меросига бўлган эътиборнинг ёрқин ифодаси, десак тўғри бўлади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги