Озарбайжонда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг “яшил бурчаги” барпо этилди

Бугунги кунда глобал миқёсда экологик барқарорлик, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари энергетика соҳасидаги муҳим йўналишлардан бирига айланган. Йирик саноат компаниялари ўз фаолиятида ESG (экология, жамият, корпоратив бошқарув) тамойилларига таянган ҳолда барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Озарбайжон Республикаси пойтахти Бокуда ўтказилган анъанавий Боку энергетика ҳафталиги доирасида амалга оширилган экологик ташаббус алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, “Baku Expo” маркази ҳудудида ўтказилган кўкаламзорлаштириш акцияси жаҳон энергетикаси ва нефть-газ соҳаси иштирокчилари ўртасидаги ижтимоий масъулият ва атроф-муҳитга эҳтиёткор муносабат ифодасидир.
Ушбу акцияда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти делегацияси ҳам фаол иштирок этиб, дарахт ва гуллар экиш орқали экологик ҳаракатга ўз ҳиссасини қўшди. Мазкур ташаббус доирасида дунёнинг 50 га яқин давлатидан ташриф буюрган делегациялар вакиллари иштирок этди. Бу эса экологик ҳамкорликнинг халқаро миқёсдаги аҳамиятини янада мустаҳкамлади.
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Мўмин Ибодов қайд этганидек, экологик барқарорликни таъминлаш, жамият олдидаги масъулиятни юксалтириш ва “яшил” энергетикага ўтиш йўлидаги бу каби ташаббуслар нафақат амалий аҳамиятга эга, балки келажак учун тоза муҳит барпо этишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг узвий давомидир.
–Айтиш жоизки, бугунги кунда “Baku Expo” маркази ҳудудида “Ўзбекнефтгаз” АЖ номидан дарахт ва гуллар билан безатилган махсус “яшил бурчак” мавжуд. Бу компаниянинг нафақат иқтисодий ва технологик салоҳияти, балки жамият ва табиат олдидаги масъулиятини ҳам намоён этади. Шу орқали “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг барқарор ривожланишга бўлган содиқлиги, ESG принципларига амал қилган ҳолда халқаро майдонда фаол иштирок этаётгани яна бир бор ўз тасдиғини топди. Ушбу экологик ташаббус нафақат кўкаламзор ҳудудлар миқдорини ошириш, балки жамиятда экологик маданиятни юксалтириш, экологик масъулиятни шакллантириш борасида ҳам муҳим қадам бўлиб хизмат қилади, – деди у.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА