Миграция масаласидаги келишувнинг ижроси муҳокама қилинди

195

Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев ҳамда Италиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Пьергабриеле Пападиа де Боттини ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқотда Италия бош вазири Жоржа Мелони хонимнинг жорий йил 29 майдаги мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида имзоланган Миграция ва мобиллик тўғрисидаги англашув меморандумининг ижроси ҳамда амалиётга жорий қилиш масаласи муҳокама қилинди.

– Меморандум тарихий ҳужжат, унинг устида жуда кўп ишланди, келишувни тезроқ ҳаётга татбиқ қилиш тарафдоримиз, – деди элчи Пьергабриеле Пападиа де Боттини. – Миграция муҳим йўналиш саналади, Ўзбекистон эса бу соҳадаги бой тажрибаси билан Марказий Осиёдаги ҳамкорлар учун намуна бўла олади.

Шунингдек, Италияда муҳандислик, туризм ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда малакали мутахассисларга талаб юқори экани қайд этилди. Италия томони 2026 йилдан бошлаб, ўзбекистонликларга 1 минг 500 та бўш иш ўрни учун квота ажратилганини маълум қилди.

Айтиб ўтиш лозимки, ҳозирда Италияда ноқонуний мақомдаги Ўзбекистон фуқароси йўқлиги, ҳамкорликни янада самарали амалга оширишга катта туртки бўлади.

ЎзА