Ёш қутқарувчиларимизнинг Бухородаги муваффақияти

Бухоро вилоятида умумий ўрта таълим мактаблари ва касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида ҳар йили ўтказиб келинаётган «Ёш қутқарувчи» кўнгиллилар ҳарбий-спорт мусобақаларининг республика босқичи ўтказилди.
Ушбу мусобақада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикасидан ҳам икки жамоа иштирок этди.
Қизиқарли ўтган ҳарбий-спорт мусобақаси якунида, белгиланган шартларни талабга мос равишда бажариб, барча рақибларидан устун келган Нукус шаҳридаги 1-сонли политехникумнинг «Жайҳун» жамоаси профессионал таълим муассасалари ўртасида биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.



Умумтаълим мактаблари ўртасида ўтказилган мусобақаларда эса Беруний туманидаги 54-сонли умумтаълим мактабининг «Мададкор» жамоаси фахрли 2-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.
– Ўтган йили ўтказилган мусобақада жамоамиз аъзолари Қорақалпоғистонда биринчи, Ўзбекистонда иккинчи ўринни эгаллаган эди, – дейди Нукус шаҳридаги 1-сонли политехникум директори Маҳмуд Сейтбеков.-Бу йил ушбу мусобақага тайёргарликни янада кучайтириб, биринчи ўринни эгаллашга эришдик. Биз бундан жуда хурсандмиз.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси