Ветеран полвонларимизнинг Қозоғистондаги ютуғи

300

Яқинда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида эркин ва юнон-рум кураши бўйича фахрий спортчилар ўртасида «Ардагер майдони» номли халқаро турнир бўлиб ўтди.

Бу йил учинчи бор ўтказилаётган ушбу нуфузли мусобақага Қозоғистоннинг барча ҳудудларидан ташқари, АҚШ, Россия, Қирғизистон ва Ўзбекистондан бутун дунёга машҳур полвонлар ташриф буюриб, ғолиблик учун ўзаро беллашди.

Қувонарлиси, ушбу халқаро турнирда республикамиз полвонлари ҳам иштирок этиб, бир қатор совринли ўринларни эгаллашга муваффақ бўлди. Хусусан, 130 кг вазнда икки кураш бўйича ҳам 56-60 ёш оралиғидаги полвонлар ўртасида беллашувларга киришган Марс Бахиев икки олтин, эркин кураш бўйича мусобақада қатнашган Кенесбай Сариев 51-55 ёш оралиғидаги полвонлар ўртасида 78 кг да, 46-50 ёш оралиғида Азат Мирзамбетов 130 кг вазн тоифасида бош совринларни қўлга киритишга муваффақ бўлди.

– 1989-1997 йилларда эркин кураш бўйича Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон чемпионатларида, қатор халқаро турнирларда ғолибликни қўлга киритиб, республикамиз шарафини муносиб ҳимоя қилган эдик, – дейди мусобақа ғолибларидан бири Азат Мирзамбетов. Бунинг фойдаси тегдими, билмадим, шу йилнинг 29 апрель ва 1 май кунлари Оренбург шаҳрида машҳур полвон ва мураббий Юрий Семенович Черновнинг шарафига ўтказилган Россия очиқ кубогида эркин кураш бўйича 130 кг вазн тоифасида 3-ўринни эгаллашга эришдим. Россиядаги мусобақада Давлатбой Минажатдинов ва Кенесбой Сариевлар финалга қадар етиб бориб, кумуш медаль билан тақдирланган бўлса, Қодирбой Эсбергенов бронза медалини қўлга киритди.




Ҳозирги вақтда Бўзатов тумани иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғининг ўринбосари бўлиб ишлаётган Азат Мирзамбетов ишдан бўш вақтларида эркин кураш билан шуғулланишни давом эттириб, шу октябрь ойида Венгрияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

 Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси