Узоқ муддатли ҳамкорликга асос яратилмоқда

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетига Қозоғистон Республикаси Шаҳмардан Есенов номидаги Қаспи технологиялар ва инженерия университети президенти Б.Ахметов бошчилигидаги делегация ташриф буюрди, – деб маълумот беради ҚДУ Матбуот хизмати бўлими.
Меҳмонлар миллий анъаналарга мос равишда, нон-туз билан, миллий куй-қўшиқлар садолари остида тантанали кутиб олинди. Ташриф дастури доирасида делегация университет ректори, академик А.Реймов билан учрашиб, икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ва фан ҳамда таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда қўшма таълим дастурларини жорий этиш, профессор-ўқитувчиларнинг малакаларини оширишда тажриба алмашиш, талабалар алмашинуви дастурларини ташкил қилиш каби долзарб мавзуларга алоҳида эътибор берилди. Шунингдек, ўқув-методик ресурслардан, илмий лабораториялардан биргаликда фойдаланиш, халқаро илмий базаларда мақолалар нашр этиш, илмий конференциялар ва семинарларни биргаликда ташкил этиш имкониятлари ҳам кенг муҳокама қилинди.


Икки университет ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва белгиланган йўналишларда амалий ишлар бошлаш мақсадида расмий ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Ушбу келишув икки олий ўқув юртининг таълим ва илмий-тадқиқот соҳаларидаги алоқаларини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга.
Бу ташриф икки олий таълим муассасаси ўртасидаги узоқ муддатли, барқарор ва самарали ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.