Ўзбекистон-Хитой: тоғ-кон саноати ва геология соҳасида стратегик ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида Хитойнинг Шандун провинцияси вице-губернатори Цон Сюнцзи бошчилигидаги делегация ҳамда “Shandong Gold Group” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар чоғида геология, металлургия ва тоғ-кон саноати соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари, Самарқандда ташкил этилган Ўзбекистон-Хитой иккинчи ҳудудлараро форуми натижалари ва истиқболли инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди.

Вазирлик ахборот хизматига кўра, “Shandong Gold Group” – Хитойнинг олтин қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳаларида махсуслашган етакчи компанияларидан бири бўлиб, халқаро миқёсда ҳам фаолият юритиб келмоқда. Компания турли мамлакатларда ривожланиш истиқболи юқори бўлган лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Шунингдек, Шандун провинцияси геология қидирув ва минерал ресурсларни ўзлаштириш бюроси Хитойнинг ер ости бойликлари соҳасидаги етакчи давлат муассасаларидан бири ҳисобланади. У ер ости ресурсларини аниқлаш, баҳолаш ва инновацион ечимлар асосида ўзлаштириш борасида катта тажрибага эга бўлиб, халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратади.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Шандун провинцияси геология қидирув ва минерал ресурсларни ўзлаштириш бюроси ҳамда “Shandong Gold Group” компанияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди. Мазкур келишув икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқиши, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА