Норвегия Халқаро муносабатлар институти билан ҳамкорлик йўлга қўйилди

214

Стокгольм шаҳрида Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) директори Жавлон Ваҳобов Норвегия халқаро муносабатлар институти (NUPI) Иқлим ва энергетика бўйича тадқиқот гуруҳи раҳбари доктор Роман Вакульчук билан учрашув ўтказди.

Суҳбат чоғида томонлар Марказий Осиёда барқарор ривожланиш, энергетик ўтиш ва иқлим сиёсати йўналишларида илмий, экспертлик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш истиқболини муҳокама қилдилар.

Доктор Вакульчук қайд этганидек, хром, марганец, қўрғошин, рух каби муҳим элементларга бой бизнинг минтақамиз қуёш панели, шамол турбинаси ва аккумулятор ишлаб чиқариш учун асосий ресурс макони ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан Марказий Осиё глобал энергетик ўтиш шароитида ушбу стратегик хом ашё занжирида муҳим бўғинга айланиш салоҳиятига эга.

Ўз навбатида Ж.Ваҳобов яшил иқтисодиётни ривожлантириш ва карбон исини камайтиришга қаратилган инфратузилма лойиҳаларига сармоя жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.

Учрашув якунида томонлар МОХИ ва NUPI ўртасида қўшма тадқиқот олиб бориш, эксперт семинарларини ташкил қилиш, таҳлилий материаллар алмашиш орқали ҳамкорликни чуқурлаштиришдан манфаатдорликларини билдирдилар. Бундай алоқалар Марказий Осиёда барқарор ривожланиш бўйича самарали стратегия ишлаб чиқишга хизмат қилиши қайд этилди.

Норвегия халқаро муносабатлар институти сиёсат, хавфсизлик, энергетика ва иқлим масалаларига ихтисослашган етакчи тадқиқот марказидир. Ушбу муассаса барқарор тараққиёт, халқаро ҳамкорлик жараёнига таъсир кўрсатадиган глобал ва минтақавий лойиҳалар, ташаббусларни чуқур таҳлил қилади.

Ғ.Хонназаров, ЎзА