Ўзбекистон – Хитой ҳудудлараро форуми ҳамкорликнинг янги истиқболларини очди

223

Самарқанд шаҳрида иккинчи Ўзбекистон – Хитой ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди.

Унда икки томон ҳукумат аъзолари, вазирлар, ҳудудлар раҳбарлари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.

Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев, Хитой Халқ Сиёсий маслаҳат Кенгашининг 14-чақириқ йиғилиши раисининг ўринбосари, ШҲТнинг қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик бўйича Хитой қўмитаси раиси Шэнь Юэюэ хоним сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Хитой давлат раҳбарларининг фаол ва прагматик ташқи сиёсатлари, халқларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик ва азалий дўстлик алоқалари туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорлик йил сайин ривожланиб бораётганини таъкидладилар.

– Ўтган йил январь ойида Хитой Халқ Республикасига амалга оширилган олий даражадаги ташриф давлатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик алоқаларнинг янги даврини бошлаб берди, – деди Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев. – Мазкур ташриф давомида Урумчи шаҳрида биринчи Ўзбекистон – Хитой ҳудудлараро форуми ўтказилиб, унда ижтимоий-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш бўйича келишувларга эришилганди. Бугун Самарқанд мезбонлигида ўтказилаётган иккинчи форумда Хитойдан мингга яқин йирик компаниялар вакиллари ва тадбиркорлар, ўз навбатида юртимиздан 1400 нафардан ортиқ ишбилармонлар, фирма ва компаниялар масъуллари қатнашаётгани ҳудудлараро ҳамкорлик жадал ривожланаётганидан далолат беради. Буни рақамлар ҳам кўрсатиб турибди. Хусусан, кейинги беш йилда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида савдо айланмаси икки баробарга ошиб, 2024 йилда 13 миллиард долларга етди. 2017 йил билан солиштирилганда Хитойдан Ўзбекистонга жалб қилинаётган тўғридан тўғри инвестициялар беш баробарга, қўшма корхоналар сони уч баробарга ошди. Кимё, машинасозлик, қурилиш материаллари, маиший техника, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга ошириб келинмоқда. Хитой компаниялари учун алоҳида имконият яратиш мақсадида ҳудудларимизда 8 та Ўзбекистон –Хитой саноат парки фаолият юритмоқда. Айни пайтда бундай паркларни яна кўпайтириш устида иш олиб борилмоқда.

Шэнь Юэюэ хоним ўз сўзида 2024 йилда Хитойнинг 10 дан ортиқ минтақаси раҳбарлари Ўзбекистонга келгани ва Ўзбекистондан барча вилоятлар ҳокимлари Хитойда бўлиб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш борасида фаол ҳаракат олиб бораётгани, 20 дан ортиқ шаҳар ва минтақалар ўзаро биродарлашганини ҳамкорликнинг юқори динамикаси сифатида эътироф этди.

Форумда Хитой Миллий хорижий давлатлар билан дўстлик уюшмаси вице-президенти Цзян Цзян, “Хитой – Марказий Осиё“ ҳамкорлик котибияти бош котиби Сун Вейдонг йил сайин ривожланиб бораётган Ўзбекистон – Хитой муносабатлари нафақат давлатларимиз, шу билан бирга Марказий Осиё учун муҳим аҳамиятги эга эканлигини таъкидлади. Шунингдек, жорий йил 1 июндан Ўзбекистон ва Хитой фуқаролари учун визасиз режим жорий этилиши ҳам ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга катта туртки бериши қайд этилди.
Икки томон ҳудудлар раҳбарлари эса мавжуд ресурслар ҳамда иқтисодий, инвестициявий имкониятлари ҳақида маълумот бериб, тадбиркорларни ҳамкорликка чорлади.

Шундан сўнг томонлар ўртасида ҳужжатлар алмашилди. Жумладан, Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва Сиан нефт университети ўртасида Ўзбекистонда Сиан нефт университети филиалини ташкил этиш тўғрисида битим, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва Сиан халқаро тадқиқотлар университети ўртасида таълим соҳасидаги англашув меморандуми имзолангани қайд этилди.

Форум қатнашчилари Ўзбекистон ва Хитой миллий маҳсулотлари кўргазмаси очилишида қатнашдилар.

Анжуман доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик, инновациялар, технологиялар ва яшил иқтисодиёт бўйича бизнес-форум, муҳандислик соҳасида таълим ва кадрлар тайёрлаш, Ўзбекистон ва Хитойнинг тарихий пойтахтларини сақлаш ва ривожлантиришга кўмаклашиш, шунингдек, хитой тилини халқаро миқёсда юқори сифатли ўқитиш масалаларига бағишланган сессиялар ўтказилди.

“Кафтимиздаги Буюк ипак йўли – Ўзбекистон ва Хитой инновация ҳамда тадбиркорлик бўйича ҳамкорлик” халқаро аёллар форумида Ўзбекистон ва Хитой минтақалари ўртасида инвестицияларни жалб қилиш, тадбиркорлик, савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорликни кучайтиришда хотин-қизлар иштирокини кенгайтириш, аёлларнинг инновацион ташаббуслари ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова ҳамда Хитой Халқ Сиёсий маслаҳат Кенгаши 14-чақириқ йиғилиши раисининг ўринбосари, ШҲТнинг қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик бўйича Хитой қўмитаси раиси Шэнь Юэюэ хоним бу борада тадбиркор аёллар ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини маълум қилди.

Форум давомида “В2В”, “G2В” ва “G2G” учрашувлар, лойиҳалар тақдимотлари ва маданий дастурлар ҳам уюштирилди.

Ғолиб ҲАСАНОВ, Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА мухбирлари