Президентимиз нутқида минтақавий муносабатларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларига эътибор қаратилди

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Мажлис аввалида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов ўтган ҳафтада мамлакатимиз ташқи сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеаларга тўхталиб ўтди.
— Италия Республикаси иқтисодий ва технологик салоҳиятга эга мамлакат сифатида Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги муҳим ҳамкорларидан бири саналади. Сўнгги йилларда икки давлат етакчиларининг сиёсий иродаси ва амалий саъй-ҳаракатлари натижасида Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги ҳамкорлик изчил кенгайиб бормоқда. Олий даражадаги мунтазам мулоқотлар ўзаро ишонч ва барқарор ҳамкорлик муҳитини яратмоқда.

Маълумки, шу йил 28–29 май кунлари давлатимиз раҳбарининг таклифига биноан, Италия Республикаси Бош вазири Жоржа Мелони расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди. Мазкур ташриф икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишонч ва манфаатдорликка асосланган алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди, десак тўғри бўлади.
Олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон — Италия муносабатларининг барча йўналишлари батафсил муҳокама қилинди, ўзаро ҳамкорликнинг янги истиқболлари белгилаб олинди. Икки давлат ўртасида Стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш тўғрисидаги қўшма декларация қабул қилинди.
Сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий, инвестицион ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш ҳамда янги имкониятлар яратишга қаратилган қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.
Бир сўз билан айтганда, Самарқанд шаҳрида дўстона руҳда бўлиб ўтган музокаралар давомида эришилган ҳар бир келишув узоқ муддатли ва барқарор алоқаларни таъминлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Шунингдек, 30 май куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида “Марказий Осиё – Италия” форматидаги саммит бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз Президенти иштирок этиб, нутқ сўзлади. Унда Ўзбекистон ташқи сиёсати очиқлик ва конструктив мулоқот орқали мамлакатимиз ҳамда минтақамиз манфаатларини таъминлашга қаратилганини намоён этди, десак тўғри бўлади.
Давлатимиз раҳбари нутқида бугунги глобал ва минтақавий алоқалардаги тенденциялардан келиб чиқиб, кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди. “Марказий Осиё — Италия” ишбилармонлар клубини ташкил этиш, Саноат ва технологик ҳамкорлик дастурини қабул қилиш, Италия етакчи брендлари иштирокида дизайн марказлари ташкил этиш, “Марказий Осиё — Италия” илмий-таълим консорциуми ташкил қилиш каби муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Президентимиз ташаббусларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини жойларда тарғиб қилиш ҳамда қонунчилик соҳасида қўллаб-қувватлаш юзасидан сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар ва комиссиялар ўз ишларини фаоллаштириши керак, — деди Спикер.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА