Медиация институти ривожланишининг замонавий тенденциялари ва суд амалиёти

179

Пойтахтимизда “Медиация институти ривожланишининг замонавий тенденциялари ва суд амалиёти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Судьялар олий кенгаши, Олий суд ва Судьялар олий мактаби томонидан ташкил этилган тадбир жаҳон тажрибасини ўрганиш ва миллий медиация тизимини янада такомиллаштиришга бағишланди.

Конференцияда нафақат Ўзбекистон, балки Туркия, Қирғизистон, Озарбайжон ва Қозоғистон каби мамлакатларнинг юқори малакали судьялари, медиаторлар, ҳуқуқшунос олимлар ва таҳлилчилар фаол иштирок этди. Улар ўз мамлакатларида медиация институтининг ривожланиш тарихи, ҳуқуқий асослари ва амалиёти ҳақида фикр алмашди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Мавлудахон Хўжаева, Сенат аъзоси Малика Қодирхонова, Олий суд раисининг ўринбосари Шуҳрат Полвонов, Судьялар олий кенгаши раисининг ўринбосари Алишер Жалилов, Судьялар олий мактаби директори Ҳожи-Мурод Исоқов медиация – низони судсиз ҳал этиш, муросага эришиш ва инсон манфаатларини биринчи ўринга қўйиш маданияти эканини таъкидлади.

Бугунги кунда жамиятда юзага келаётган турли низоларни тинч йўллар билан ҳал этиш, фуқаролар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш ва суд юкламасини камайтириш йўлида медиация институти муҳим ўрин эгалламоқда. Бу институт нафақат адолатни таъминлашга, балки инсонлар ўртасида ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Медиация институтининг ривожланиши ва амалиётга самарали жорий қилиниши ҳар бир давлатнинг ҳуқуқий тизимидаги очиқлик, шаффофлик ва адолат принципларини таъминлашда муҳим восита ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан анжуманда Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон каби қардош давлатлардан келган нуфузли олимлар, мутахассислар ва амалиётчи медиаторлар билан тажриба алмашиш катта аҳамиятга эга бўлди.

Конференцияда бир қатор қизиқарли ва таҳлилий маърузалар тингланди.

Хусусан, Қирғизистон вакили Гулсина Кожоярова оилавий низоларда медиациянинг афзалликлари ҳақида сўз юритди. Туркиялик Илкер Кочйигит тижорат низоларида мажбурий медиациянинг самарадорлигини ёритиб берди. Озарбайжонлик Орхан Маҳмудов низоларни муқобил ҳал қилишнинг ҳуқуқий асосларини таҳлил қилиб берди. Қозоғистондан Жандилда Жакупов иқтисодий низоларни ҳал этишдаги медиациянинг ўрнига эътибор қаратди. Туркиялик профессор Озлем Бора Туркиядаги медиациянинг тарихий асослари ҳақида, хусусан, “Муслиҳун” асари мисолида чиқиш қилди.

Олий суд судьяси Иброҳим Тожиев медиация билан боғлиқ ишларни кўришдаги суд амалиёти хусусиятларига тўхталди. Судьялар олий мактаби профессори Фозилжон Отахонов мамлакатимизда медиациянинг ҳуқуқий асослари ва истиқболлари ҳақида атрофлича сўз юритди.

Анжуман давомида савол-жавоблар ва мунозаралар бўлиб ўтди. Қатнашчилар томонидан медиацияни ривожлантириш бўйича самарали илмий-амалий тавсиялар билдирилди.

Халқаро тажриба ва миллий амалиётни уйғунлаштириш орқали суд тизимида юзага келадиган юкламани камайтириш, жамиятда муросага тайёрлик руҳини мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди. Анжуман нафақат ҳуқуқ соҳаси мутахассислари, балки кенг жамоатчилик учун ҳам медиациянинг моҳияти ва имкониятларини ёритиб беришда муҳим майдон бўлди.

Н.Абдураимова, ЎзА