Янги давр ижодкорлари мактабида

2025 йил 15 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш ва истиқболдаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди.
Йиғилишда ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилиб, бугунги кунда «Баркамол авлод» мактабларига 350 минг нафар бола қамраб олингани қайд этилди.
Энди «Баркамол авлод» мактаблари, «Ёшлик» спорт жамияти ва Ўқувчи ёшлар маркази ягона тизимга бирлаштирилади ва ушбу марказлар тўлиқ таъмирланиб, замонавий, креатив йўналишлар асосида жиҳозланиши, уларда чет тилларини ўқитиш, сунъий интеллект, дастурлаш ва анимация каби янги замонавий тўгараклар очилиши қайд этилди.
Шунингдек, йиғилишда ўқувчилар ўртасида туризмни ривожлантириш бўйича ҳам янги тизим яратилиши ва Қорақалпоғистон, Хоразм, Самарқанд, Бухоро ва пойтахтдаги «Barkamol авлод» мактабларида камида 100 ўринлик «Болалар сайёҳлик базаси» ташкил этилиши қайд этилди. Мутасаддиларга қизиқарли туризм тўпламлари ишлаб чиқиб, ҳар йили 1 миллион ўқувчини Ўзбекистон бўйлаб саёҳатга жалб қилиш вазифаси юклатилди.
«Баркамол авлод» болалар мактаблари ёзги таътил кунларида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича «Ёз-2025» концепцияси ва «Долзарб 90 кунлик режа» ишлаб чиқилди.
Ушбу муҳим 90 кунлик доирасида Қорақалпоғистон Республикаси «Баркамол авлод» болалар мактаби томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Қўнғирот тумани «Баркамол авлод» болалар мактабига пресс-тур ташкил этилди.
Унда журналистлар «Баркамол авлод» болалар мактабида ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун очилган турли тўгараклар фаолияти билан яқиндан танишиб, тўгарак раҳбарлари ва мактаб тарбияланувчилари билан суҳбатлашди.
– Мактабимизда етти йўналиш бўйича, яъни, «Ҳунармандчилик ва қўл mehnati,» «Texnik konstruktorlik va modellashtirish,» «Туризм ва экология,» «Хорижий тиллар,» «Жисмоний тарбия ва спорт,» «Маданият ва санъат,» «Олий таълим муассасалари ва мактабга тайёрлаш» йўналишларида 75 та тўгарак мавжуд бўлиб, уларга 2520 нафар ўқувчи қамраб олинган, – дейди мактаб директори Мунира Матмуратова. Мактабимизнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида, 2022 йилда Очиқ бюджетдан 500 млн сўм маблағ ютиб олиб, бу маблаққа замонавий компьютер, тикув ва каштачилик машиналари, электрон доска ва бошқа керакли жиҳозларни сотиб олдик. Ўтган йили эса, Очиқ бюджетдан 1 360 000 000 сум маблағ ютиб олиб, унга қўли гул қурувчилар томонидан 12х24 ўлчамдаги концерт зали қуриб берилди. Бундай қулайликлардан самарали фойдаланиб келаётган ўқувчиларимиз турли танловларда қатнашиб, ғолибликни қўлга киритмоқда. Хусусан, 2024 йил 26 апрель куни «Баркамол авлод болалари» фестивалининг Республика босқичида «Жисмоний тарбия ва спорт» йўналиши бўйича шахмат тўгараги аъзоси М.Мажитов фахрли иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, 2024 йилнинг 10-11 май кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган Робототехника бўйича «Деталка 2024» мусобақасида мактабимизнинг робототехника жамоаси ҳам фахрли 1-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. Робототехника тўгараги аъзоси Улуғбек Амангелдиев 2024 йил 19 сентябрь куни Нукус шаҳрида Республика «Баркамол авлод» болалар мактабида ўтказилган «Ёш ихтирочи» танловида иштирок этиб, фахрли 2-ўринни эгаллаган бўлса, каштачилик тўгараги аъзоси Севара Адилжанова «Language learning» танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида 1-ўринни эгаллаб, танловнинг Андижон шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси босқичида иштирок этиб, махсус Диплом билан тақдирланди.

Ўша йилнинг 3 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси миқёсида «SIRIUS» ўқув маркази ва Нукус ҳарбий гарнизони билан ҳамкорликда ўтказилган Ментал арифметика бўйича очиқ олимпиадада мактабимиз Ментал арифметика тўгараги аъзолари иштирок этиб, унда Жасмина Сапарбаева юқори ўринни эгаллаб, йўлланма орқали Қозоғистон, Қирғизистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Туркияда бўлиб ўтадиган олимпиадаларда қатнашиш имкониятини қўлга киритди.
20 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика «Баркамол авлод» болалар мактаби томонидан «Биз истеъдод эгаларимиз» киберспорт мусобақаси ўтказилди.
Мусобақада 10 ёшдан 16 ёшгача бўлган ўқувчи ёшлар жамоавий тарзда иштирок этди ва мактабимизнинг «Қўнғирот» жамоаси 3-ўринни эгаллади.
Шу билан бир қаторда, Қорақалпоғистон Республикаси Баркамол авлод болалар мактаби ва Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган «Биз ёнғинга қаршимиз!» танловининг Республика босқичида мактабимизнинг «Ёш эколог ва табиатшунос» тўгараги аъзоси Дамир Ниетбаев «Энг яхши ёнғин хавфсизлигига оид сканворд (кроссворд) » йўналиши бўйича 2-ўринни эгаллаб, диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
22 декабрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Истеъдодли юлдузлар» республика танловида мактабимиз «Эстрада вокал» ва дутор тўгараги раҳбарлари Ҳамзат Икметов ва Аллаберген Алимбаев иштирок этиб, 1-ўринни эгаллаган бўлса, 2025 йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «European Stars» халқаро танловида мактабимиз тўгарак раҳбари Ҳамзат Икметов фахрли 3-ўринни қўлга киритди.
Ўтказилган тадбир давомида Қўнғирот тумани «Баркамол авлод» болалар мактабида «Техника конструкторлик ва моделлаштириш» йўналишидаги тўгарак аъзолари ўртасида «Роботлар уруши» танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилиб, танлов якунида ғолиблар махсус дипломлар билан тақдирланди ва танловнинг финал босқичига йўлланмани қўлга киритди. Танловда ҳудудлардан ҳаваскор тўгарак аъзолари ўз роботлари билан иштирок этмоқда.
-Танловни ўтказишдан асосий мақсад, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларига оид кўникмаларини шакллантириш, уларга касбга йўналтиришга оид билим ва кўникмаларни сингдириш, робототехника соҳасида янги ишланма ва қурилмаларни жорий этиш, ўқувчилар орасидан иқтидорли болаларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, ўқувчи-ёшларнинг ижтимоий фаоллигини янада ошириш, инновацион менежмент, маркетинг ва ИТ технологияларидан фойдаланган ҳолда ўзаро тенгдошлари билан тажриба алмашишни ташкил этишдан иборат, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси «Баркамол авлод» болалар мактаби директори ўринбосари Дилфуза Казакова.
Ўтказилган пресс-тур журналистлар учун жуда таъсирли ўтиб, улар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Адилбай Оразов, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси