Энергия самарадорлиги ўрганилди

261

Беруний туманида энергия самарадорлигини ошириш ва экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 1 апрелдаги ПҚ–133-сонли қарори ижроси доирасида Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари С.Ачилов ва Беруний тумани прокурори М.Атаджанов бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги қатор объектларда ўрганиш ишларини олиб борди, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими бошлиғи А.Уразова.

Хусусан, “Беруний Агро Қурилиш” МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли уй-жойларда замонавий ва энергия тежамкор “Эко иситиш қозонлари” ўрнатилмоқда. Ушбу иситиш тизими бино ичидаги электр энергияси билан тўлиқ ишлайди, бу эса табиий газ истеъмолини камайтириш орқали муҳим иқтисодий самарадорликка эришиш имконини беради.

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари “Уста Бозорбой” МЧЖ томонидан Тўқимачи маҳалласида ўрнатилаётган 300 кВт қувватга эга қуёш панеллари лойиҳаси билан танишди. Ташриф давомида фермер хўжаликлари ер майдонларида жойлаштирилган қуёш энергияси ускуналари — жумладан, “Ниятулло Азизбек” фермер хўжалиги ҳудудидаги 20 кВт қувватга эга панел иш фаолияти ва ундан фойдаланиш жараёнлари ҳамда тежамкорлиги ўрганилди.

Мазкур ташрифлар доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар энергияни тежаш, экологик тозаликка эришиш ва аҳолининг қулай ҳаёт тарзини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида қайд этилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги