Нуронийлар иззат-ҳурматга бўланиб, саёҳатда бўлиб қайтди

Кексаларни эъзозлаш, уларга доимо эътиборли, меҳрли бўлиш бу аждодларимиздан келаётган қадриятларимиздан ҳисобланади. Уларнинг ҳаётий тажрибаларида синалган бебаҳо ўгитлари оилаларнинг тинч-тотув, фаровон яшашида, фарзандлар тарбиясида нақадар зарур эканини барчамиз яхши биламиз.
ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши фаоллари ва депутатлари томонидан ҳам ҳурматли ота-оналаримиз, меҳнат фахрийларининг ҳаётини мазмунли ва файзли қилиш, улар учун муносиб турмуш шароитини яратиш, саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, кекса ва ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг вақтини мазмунли ташкил этиш ва ички туризмни ривожлантириш мақсадида партия фаоллари томонидан кекса авлод вакилларининг юртимиздаги тарихий қадамжоларга бепул саёҳати ташкил этилмоқда.
– Ҳурматли нуронийларимизни бугунги давр ёшларига таянч, устоз, юртимизнинг бизнинг буюк келажагига тилакдош деб билишимиз керак. Уларнинг оқ фотиҳалари ёшларимиз келажаги учун албатта зарур. Бу тушунчани жамиятга татбиқ этишни аввало, муқаддас динимиз, қолаверса, давр талаби ва таклифи деб билишимиз керак, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Баҳодиржон Сидиқов.
Эзгу ташаббус доирасида Қўнғирот туманидаги «Қаратал,» «Қумбиз,» «Бердақ,» «Моншақли,» «Қаши,» «Олтинкўл» ҚФЙ, шунингдек, «Қанғли,» «Ажиниёз» ва «Қипчоқ» МФЙ нуронийлари учун жорий йилнинг 27-31 май кунлари Бухоро, Самарқанд ва Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳарларига саёҳат ташкил этилди. Саёҳат давомида меҳнати билан кўпчиликка ўрнак бўлган нуронийларимиз нафақат юртимиздаги, балки қўшни давлатнинг, хусусан, қадимий шаҳарлардаги ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари билан танишди, тарихий обидаларни зиёрат қилди.









– Депутатимиз ташаббуси билан шу кунга қадар 200 нафардан зиёд нуроний Бухоро, Хива, Самарқанд ва Туркистон шаҳарларига саёҳат қилиб қайтди, – дейди ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши девонхона мудири Одип Айбергенов. – Айни пайтда Қўнғирот тумани нуронийларининг Қозоғистон Республикаси Туркистон шаҳридаги халқаро туристик марказга саёҳати ташкил этилмоқда. Ҳар йили 50 нафар нуроний янги сайёҳлик маркази ва шаҳардаги бошқа муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиб келмоқда. Бундан ташқари, ички туризмни ривожлантириш мақсадида юртимизнинг Бухоро, Самарқанд шахарларидаги зиёратгоҳларига ҳам саёҳатлар ташкил этилди.
Нуронийлар саёҳат давомида катта ўзгаришларнинг гувоҳи бўлди. Кексалар республика бўйлаб саёҳат қилиши учун замонавий ва қулай автобуслар бириктирилди. Уларнинг озиқ-овқат, ётоқхона, музей ва бошқа жойларга бориш харажатлари ҳам депутат томонидан тўланмоқда.
– Илгари биз ҳам қачон саёҳатларга борамиз, ватанимизнинг машҳур жойларини кўрамиз, деб орзу қилиб яшардик. Бола-чақа, тўй-маросимимиз кўп. Барака топсин депутатимиз, унинг ташаббуси билан туманимизда ҳар йили саёҳат қиладиган одамлар бор. Биз ҳам саёҳатда бўлиб, Самарқанд, Бухоро, Туркистонни кўриб келдик. Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал, деб бежиз айтилмаганига гувоҳ бўлдик, – дейди Қўнғирот тумани «Қумбиз» маҳалласида яшовчи нуроний Лола Бозгланова.
Барчаси «Инсон қадри учун» тамойили асосида олиб борилаётган ишлар қаторида ёши улуғ нуронийларимиз учун ташкил этилган ушбу саёҳат уларнинг юртимиздаги қадр-қиммати баланд эканлигининг яна бир ифодаси бўлди. Шу маънода, кексалар эъзозланган оила ва мустақил юртда доимо меҳр-оқибат, файзу барака ва осойишталик бўлади. Партиямизнинг нуронийларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга ошираётган ташаббуслари ҳам айни шу эзгу мақсадни кўзлайди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги