Холис донорлик акцияси бошланди

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Республика қон қуйиш марказида «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остида 2 июндан 13 июнгача ўтказиладиган беғараз донорлик акцияси бошланди.
Акциянинг асосий мақсади – оғир касалликларга чалинган ва қонга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, улар учун етарли миқдорда қон захирасини яратишдир.
Акцияда турли соҳа вакиллари, партия фаоллари, тиббиёт ходимлари ва фаол фуқаролар иштирок этмоқда. Қон топшириш жараёни санитария-гигиена талабларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда ташкил этилган.
Бу тадбир нафақат болаларга ёрдам бериш, балки жамиятда ижтимоий масъулият ва инсонпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Қон топширишга келганлар орасида биринчи марта донор бўлаётган ёшлар ҳам, бу хайрли ишни анъанага айлантирган тажрибали донорлар ҳам бор.
– Қон топшириш – бу нафақат тиббий жараён, балки инсон ҳаётини сақлаб қолиш имконияти. Ҳар йили шундай тадбирларда иштирок этишни ўзим учун бурч деб биламан. Болалар учун қилган ҳар бир эзгу ишимиз, албатта, қайтишига ишонаман, – дейди партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари Р.Отарбаев.
Акция иштирокчилари махсус шифокорлар томонидан қон топширишдан олдин ва кейин тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларга қон бериш жараёни ва унинг саломатлик учун фойдали жиҳатлари ҳақида маълумотлар берилди.
Ўтказилаётган ушбу беғараз донорлик акцияси кенг жамоатчилик томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда. Тадбирда ихтиёрий равишда келган фуқаролар билан бирга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ҳам иштирок этмоқда.





1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ўтказилаётган ушбу тадбир республикамиз бўйлаб давом этмоқда.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги